1 ноябрдан ҳайдовчилар учун икки муҳим ўзгариш кучга киради

1 ноябрдан Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларига оид иккита муҳим янгилик кучга киради. Ўзгаришлардан бири хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларга, иккинчиси эса айрим жойларда узлуксиз чизиқни кесиб ўтиш ҳолатларига тааллуқли.
Янги тартибга кўра, йўллардаги радар ва камералар хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларни ҳам аниқлай бошлайди. Қоидабузарлик қайд этилган тақдирда, ҳайдовчига белгиланган тартибда жарима расмийлаштирилади.
Шу билан бирга, узлуксиз чизиқни кесиб ўтганлик учун жарима қўллашда ҳам айрим истиснолар белгиланмоқда.
Жумладан, чорраҳаларгача бўлган 50 метр масофада ҳамда махсус ажратилган қайрилиш жойларигача бўлган 20 метр ҳудудда 1.1 ва 1.3 йўл чизиқларини босиб ўтиш ёки кесиб ўтиш учун жарима солинмайди.
Бироқ бу енгиллик барча йўл участкаларига тегишли эмас. Белгиланган ҳудудлардан ташқарида узлуксиз чизиқни кесиб ўтиш қоидабузарлик ҳисобланади ва бунинг учун жарима сақланиб қолади.
Шу боис ҳайдовчилар 1 ноябрдан кучга кирадиган ўзгаришларни инобатга олиб, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишлари лозим.






























Изоҳлар 0
…