Ўзбекистонда атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддаларни камайтиришга қаратилган «Экологик транспорт» тизимини амалга ошириш муддати узайтирилди. Ҳукуматнинг 2025 йил 4 сентябрдаги 562-сон қарорига кўра, автомобиллар учун махсус экостикерларни жорий этиш 2026 йил 1 январдан бошланади.
Эслатиб ўтамиз, дастлаб мазкур тизим 2025 йил 1 мартдан кучга кириши режалаштирилган эди. Бироқ техник ва ташкилий тайёргарлик ишлари туфайли уни амалга ошириш бир йилга кечиктирилди.
Қарорга мувофиқ, «Экологик транспорт» тизими босқичма-босқич амалга оширилади:
– биринчи босқич (2025–2027 йиллар): Тошкент шаҳри ҳудудида синов тариқасида жорий этилади;
– иккинчи босқич (2028–2030 йиллар): Нукус шаҳри, барча вилоят марказлари ҳамда зарурат бўлган экологик ҳудудларда, жумладан, сайёҳлик марказлари, табиат қўриқхоналари, дам олиш ва соғломлаштириш масканларида йўлга қўйилади;
– учинчи босқич (2031–2034 йиллар): мамлакатнинг барча ҳудудларида тўлиқ амалга оширилади.
Автомобилнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш учун ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган экологик синф («Евро» стандарти) асос қилиб олинади. Агар транспорт воситасининг экологик тоифаси ҳақида маълумот бўлмаса, у ҳолда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонаси махсус диагностика орқали текширув ўтказади ва хулоса чиқаради.
Экостикерлар турли рангда берилади:
– яшил – меъёрга тўлиқ жавоб берадиган, атмосферага минимал таъсир кўрсатувчи автомобилларга;
– сариқ – ўртача ифлосланиш даражасига эга бўлган транспорт воситаларига;
– қизил – ифлослантирувчи моддалар ташламаси юқори бўлган автомобилларга берилади.