22:11 / 30.08.2022
2 319

Нега финлар – дунёдаги энг бахтли халқ?

Нега финлар – дунёдаги энг бахтли халқ?
Фотоколлаж: Kun.uz
Финландия 5 йилдан бери бахтиёрлик индексида биринчи ўринни эгаллайди. Дунёда иқтисодий фаровон давлатлар кўп бўлса-да, уларнинг ҳаммаси ҳам бахтиёрлик индексида юқори натижа кўрсатмаган. Бу борада финларнинг ўзига хос жиҳатлари бор.

Бахтиёрлик индекси нима?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида ҳар йили бир неча омиллар асосида одамларнинг яшаш сифати ўрганилади. Давлатлардаги одамларнинг яшаш тарзи ҳақидаги мақолалар, аҳоли орасида ўтказилган сўровномалар йиғилиб, Дунё давлатлари бахтиёрлик индекси ҳисоботи тайёрланади.

Одатда ҳисоботда 150 давлатдаги жон бошига ялпи ички маҳсулот миқдори, ижтимоий ёрдам, яшаш танловларини қилишда шахсий эркинлик, соғлом ҳаёт давомийлиги, бағрикенглик ва коррупция даражаси ҳақидаги маълумотлар тўпланади. Шу мезонлар бўйича охирги 3 йилдаги ҳолат бўйича кўп сонли иштирокчилар орасида сўровномалар ўтказилиб, 0 дан 10 гача баҳоланади.

Охири ҳисобот 2022 йил март ойида эълон қилинган бўлиб, унда одамларнинг COVID-19 пандемиясидан олдинги ва кейинги руҳий ҳолатлари ҳам ўрганилган.

5 йилдан бери Финландия – аҳолиси энг бахтли мамлакат

2022 йил март ойида эълон қилинган Дунё давлатлари бахтиёрлик индексига кўра, Финландия энг юқори кўрсаткичда турибди. Энг қизиги, бу Финландиянинг қаторасига бешинчи йил дунёнинг энг бахтиёр мамлакати деб топилишидир. Шунингдек, бахтиёрлик индекси Скандинавия давлатларида дунёнинг бошқа давлатларига қараганда анча юқори.

Ҳисоботда одамларнинг ҳаётдаги мувозанат ва уйғунлик даражаси ҳам ўрганилган. Скандинавия давлатлари аҳолисининг кўпи ўзини мувозанатли ҳаёт кечираётганини маълум қилган. Бу кўрсаткич Финландия ва Малтада 90,4 фоиз чиққан. Бу ерда аҳолининг жисмоний ҳолатидан то иқтисодий ҳолатигача бўлган факторлар инобатга олинган

Шунингдек, Скандинавия давлатлари пандемияни ҳам нисбатан яхши назоратда тута олган. Бу мамлакатларда 2020-2021 йилларда COVID-19’дан ҳар 100 000 кишининг 27 нафарида ўлим қайд этилган бўлса, бу – Ғарбий Европада эса 80 нафар бўлган.

Бахтиёрлик сири

Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий фаровонлиги – аҳолининг яхши яшаши учун бирламчи омил. Дунёда иқтисодий фаровон давлатлар кўп бўлса-да, уларнинг ҳаммаси ҳам бахтиёрлик индексида юқори натижа кўрсатмаган. Демак, бу борада финларнинг ўзига хос жиҳатлари бор. Бу финларнинг маданияти билан ҳам боғлиқ.

Финландиянинг Эспоо шаҳрида алоқа координатори бўлиб ишлайдиган Лииси Ҳатинен Финландияда инсоннинг бирламчи эҳтиёжлари қондирилганини айтади. “Кафолатланган соғлиқни сақлаш тизими, бепул мактаб, яшаш учун маош ва арзон уй-жой тўлиқ ҳал этилган. Бу дастурлар жуда яхши ўйланган ва самара ҳам беряпти. Шу нарсалар бахтли бўлишнинг асосий пойдевордир", – дейди у.

Финландияда маълум муддат яшаган Washington Post мухбири Кинсей Гидиcк ҳам Лиисининг фикрини қўллаб-қувватлаган. Унинг кузатувларига кўра, финлар яшаш учун талаб этиладиган бирламчи эҳтиёжлар учун қайғурмайди.

Финларнинг юзида камтарона хотиржамлик бор”, – деб ёзади у.

Финлардек ҳаётдан хурсанд яшаш ҳақида китоб ёзган Катжа Пантза қизиқ маълумотни келтиради. Унинг ёзишича, финларнинг юзида табассум бўлмаса ҳам, ҳаётидан бутунлай қониқаётган бўлиши мумкин, лекин буни билдиришмайди. Улар жамият манфаатини биринчи ўринга қўйишади.

Фин маданиятига кўра, бахтли бўлсанг, буни яширишинг керак. Ва бу ерда бойлик билан мақтаниш маданиятсизлик ҳисобланади.

Фото: iStock
46 ёшли фотограф Эсси Ала-Кокко финлар оддий нарсалардан хурсанд бўлиб, ўзига қониқиш ҳосил қила олишга ўрганишганини айтади.

Жуда муваффақиятли мартабага эга бўлишимиз ёки кўп пулимиз бўлиши шарт эмас. Ўрмонда сайр қилиш ва дўстлар билан учрашиш каби ҳаётдаги оддий нарсаларни яхши кўрамиз”, – деган у.

Финландиядаги ўрта мактаб директори Жоанна Оваска мамлакатнинг бахтиёрлик кўрсаткичида аёлларнинг жамиятдаги роли катта деб ҳисоблайди.

Ҳукуматимизни кўрдингизми? Бизда аёл бош вазир бор. У 36 ёшда. Яна тўртта асосий вазиримиз ҳам ёш аёллардир”, – деган у.

Ижтимоий ёрдам шакллари

Финландияда ижтимоий дастурлар 2га бўлинади:
  • одамлар даромадсиз қолмаслигини кафолатловчи дастурлар;
  • одамлар даромадсиз қолмаслигини кафолатловчи дастурлар;
  • ижтимоий ва тиббий хизматларни кафолатловчи дастурлар.

Даромад хавфсизлиги дастурлари ҳам 2 тоифага бўлинади. Биринчиси – кексалик, касаллик, ҳомиладорлик, ишсизлик ёки иш жараёнида етказилган жароҳатлар учун ижтимоий суғуртадир.

Иккинчиси – фаровонликни белгилайдиган даромад хавфсизлиги бўлиб, бунга болалар тўловлари, оналик нафақалари, уруш қурбонлари ва уларнинг тирик қолганларига тўловлар, ногиронлик ёки зарурий эҳтиёжлардан азият чекканларга молиявий ёрдам кўрсатиш кабилар киради.

Фарзандли бўлганлар учун ота-оналик таътиллари

Финландияда кўзи ёриган аёлларга бола учун муҳим бўлган 63 буюмни ўз ичига олган болалар қутиси ҳадя қилинади. Бу буюмлар билан ота-она боласининг 2-3 ойлик бўлгунича тагликдан бошқа нарса сотиб олмайди.

Совғалардан ташқари, Финландия ва бошқа Скандинавия мамлакатларида 10 ойлик ота-оналар таътили берилади. Бунинг 9 ҳафтаси отага берилади.

Дастлабки 3 ҳафта давомида ота-она ҳам уйда қолади ва қолган вақт чақалоқ 9 ойлик бўлгунга қадар ота-оналар ўртасида тақсимланади. Ота-она фарзанди 3 ёшга тўлгунгача ишдан бўшамаган ҳолда уйда қолиши мумкин, албатта бу ҳолатда уларда камроқ пул тўланади.

Аёл ёки унинг чақалоғи касал бўлиб қолса, қандай ташхис қўйилишидан қатъи назар, даволаниш учун оилани қийнаб қўядиган миқдордаги пул талаб қилинмайди.

Ишчилар ва ишсизларни қўллаб-қувватлаш

Ҳукумат, шунингдек, иш қидираётганларни доим қўллаб-қувватлайди. Улар иш топгунларича нафақа олиб туришади.

Иш жараёнида ходим жароҳатланса, унинг тиббий ва реабилитация харажатлари қопланади. Агар жароҳатлар доимий ногиронликка олиб келган бўлса, ишчи маошининг 85 фоизи миқдорида ҳақ олиб туриш ҳуқуқига эга. Дафн маросими учун ҳам нафақа олишлари мумкин. Булар тўлиқ иш берувчи томонидан молиялаштирилади.

Давлат одамлар ҳаётини осонлаштирадиган тизимлар яратган

Финландияда ҳам ҳаёт мукаммал эмас. “Arman Pohjantahden alla” ҳужжатли филми муаллифи Тони Тикканен Финландияда ҳам дунёнинг бошқа мамлакатларидаги каби ирқчилик, тенгсизлик, зўравонлик, руҳий тушкунлик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари юз беришини айтади. Бироқ унинг фикрича, Финландияни бахтли мамлакат қиладиган нарса – миллат сифатида яхши томонга ўзгариш учун ҳаракат қилиш ва аҳолини кучли қўллаб-қувватлаш тизимидир.

Хулоса қилиб айтганда, аҳоли ишсиз қолса ёки бирор жиддий муаммо билан тўқнашса, кўчада қолмаслигини, унга ёрдам кўрсатадиган жамият борлигини ҳис қилиб яшайди. Финландияда одамларнинг бирламчи эҳтиёжлари қондирилган, улар яшаб қолиш учун курашмайди, чунки ҳукумат яратган тизим одамларнинг яшашини қийинлаштирувчи эмас, аксинча осонлаштирувчидир.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Нега финлар – дунёдаги энг бахтли халқ?