23:08 / 21.09.2022
1 527

Погбанинг шантаж қилиниши воқеаси. Ундан катта пул талаб қилган акаси ҳибсга олинди

Погбанинг шантаж қилиниши воқеаси. Ундан катта пул талаб қилган акаси ҳибсга олинди
Фото: Getty Images
Пол Погба ва унинг акаси Матиас ўртасида юз берган можаро кўп серияли фильмларга ўхшамоқда. Олдин шантжачилар ундан 13 миллион евро талаб қилишди. Акс ҳолда, Мбаппенинг сеҳрланиши билан боғлиқ воқеани ошкор қилиш билан таҳдид этишди. Пол полицияга мурожаат қилгач, шантажчилар ушланди.

Олдинги серияларда: Пол Погба шантажчилар таҳдидига учради. Бош ролда унинг акаси Матиас. Улар Полдан 13 млн евро талаб қилишди, акс ҳолда Мбаппе билан боғлиқ сирни ошкор қилиш билан қўрқитишди

• Пол Погба шу йилнинг март ойида болаликдаги дўстлари ва милтиқ билан қуролланган, ниқобли одамлар таҳдидига дуч келган. Улар милтиқ ўқталиб, уни Париж чеккасидаги уйга олиб боришган ва профессионал футболчи бўлганидан бери ҳеч қандай молиявий ёрдам бермай қўйганликда айблашган. Икки шахс қурол ўқталиб, Погбадан сўнгги 13 йил давомида гўё уни қўриқлагани учун 13 миллион евро талаб қилишади – ҳар бир йил учун бир миллиондан.

• Погба пул беришга рози бўлади ва бир амаллаб у жойдан чиқади. Аммо шантажчилар уни таъқиб қилишдан тўхтамайди. Жумладан, Пол апрелда Манчестерда ва июлда бир неча бор Туриндаги «Ювентус» қароргоҳи ёнида уларга дуч келган. Айнан ўша пайтда ниқобли одамлардан бири акаси Матиас эканини сезиб қолган. Шундан сўнг Пол «Ювентус» ҳуқуқшунослари ва хавфсизлик ходимларига нима воқеа юз берганини айтган. Кейин эса полицияга мурожаат қилган.

• Погба полицияга болаликдаги дўстларига ҳар доим ёрдам бериб келганини, бу ўтган йилнинг январ ойигача, нохуш воқеа юз бергунга қадар давом этганини айтади. Унинг дўстларидан бири Манчестерда меҳмон бўлиб турганида картасидан 200 минг еврони ўғирламоқчи бўлади. Погба буни билиб қолиб, уни ҳайдаб юборади.

• Мбаппенинг бунга нима алоқаси бор? Шантажчилар Погбани Мбаппе билан боғлиқ сирни ошкор қилиш билан қўрқитишади. Гўё у ўз оиласига яқин бўлган афсунгардан Мбаппени сеҳрлашни сўраганини оммага ёйиш билан таҳдид қилишади.


Кейин нима бўлди: Полнинг акаси видеомурожаат қилди, аммо онаси футболчини қўллаб-қувватлади

Воқеа тафсилотлари ошкор бўлгач, Матиас Погба ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қилди. Мана ундан айрим парчалар:

• «Пол афсунгардан ёрдам сўраганини инкор қилмоқда. Аммо полицияга бошқача кўрсатма берган. Жумладан, «жароҳатлардан ҳимояланиш учун оиласига яқин бўлган афсунгарга пул бергани»ни айтган.

• Пол болаликдаги дўстларига берган пуллари товламачилик оқибати эканини айтди. Аммо бу ўтказмалар расмий ҳужжатлар билан билан тасдиқланади, ахир бу тўловларнинг ихтиёрий эканини англатмайдими? Бу товламачиликка ўхшамайди, шундай эмасми?

• Пол, унинг адвокатлари ва мухлисларининг барча изоҳлари фақат менинг номимни лойга булғашга қаратилган. У акасини шунчаки ҳасадгўй, пулга ўч ва ўзини обрўсизлантириш учун ҳамма нарсага тайёрдек тасвирлаяпти. У менинг номимдан очилган фейк аккаунтлардан шу мақсадда фойдаланмоқда.

• Мен видеомурожаат қилишга мажбур бўлдим, чунки укам ўлишимни ёки қамалишимни истаяпти. У туфайли ҳаётим ёки эркимни йўқотишим хавфи бор», деди Матиас Погба.

Ака-укалар можаросида онаси Полни қўллаб-қувватлаяпти, унинг ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганидан хурсанд.
Мбаппе ҳам Пол Погбанинг ёнини олди.

«Мен миллий жамоадаги шеригимнинг сўзларига ишонаман. Бошқа нарсани қўшимча қилолмайман, бу ишларга менинг умуман алоқам йўқ», деди Килиан.


Ҳужумнинг янги тафсилотлари: Париж чеккасида Погбага автоматлар билан таҳдид қилишган

RMC Sport хабарига кўра, 20 мартдан 21 мартга ўтар кечаси Пол Погбани Париж чеккасидаги квартирага алдаб чақиришган. У ерда милтиқ ва автоматлар билан қуролланган одамлар 13 йил давомида унинг хавфсизлигини яширинча таъминлаганликлари учун ундан 13 миллион евро талаб қилишган.

Пол аввалига пул тўлашдан бош тортган, кейин рози бўлган. Апрел ойида эса Бабакар исмли шахсга 100 минг евро берган.

«Мен қўрқиб кетдим. Икки йигит менга қурол ўқталди. Шунда пул тўлашга рози бўлдим. Улар: «Жим бўл ва пастга қара!» деб бақиришди. Юзига ниқоб тақиб олган одамлардан бири Рушданнинг қулоғига нимадир деди. Ниқобли йигитлар кетгач, Рушдан уларга пул тўлашим кераклигини, акс ҳолда ҳаммамиз хавф остида эканимизни айтди. Рушдан: «Машҳур футболчи бўлсанг бу нормал ҳолат», деди. Кейин мени кафилликка олганини, шу сабабли пулларни беришим кераклигини айтди», деди Погба терговчиларга.

Дастлаб Пол шантажчиларга пулларнинг ҳаммасини бермоқчи бўлган, аммо банк бу операцияни шубҳали дея рад этган.


Матиас жиноий тил бириктириш ва товламачиликда айбланиб, ҳибсга олинди

• Париж прокуратураси тергов бошлаганидан кейин Матиаснинг адвокати махсус мурожаат билан чиқди: «Ишнинг бу тарзда кетиши ва оммавий ахборот воситаларида ёритилишини ҳисобга олиб, Матиас укасига нисбатан товламачилик билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатдан мутлақо бехабар эканини таъкидламоқчи. Погба оиласи дуч келган қийинчиликлар ташқи таҳдидлар оқибати экани аниқ. Адлия тизими уларга қарши чора кўради».

• Аммо адвокатнинг нутқи ёрдам бермади. Бир неча кундан кейин Матиас ҳибсга олинди. Унга жиноий тил бириктириш ва товламачилик айби қўйилди. Матиаснинг адвокати ҳибсга олиш ҳақидаги қарор устидан шикоят қилишини айтди.

Матиас Погбанинг шериклари 27 ёшдан 36 ёшгача бўлган тўрт киши экани аниқланган. Уларга ҳам айблов эълон қилиниб, ҳибсга олинган.

• Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Le Parisien хабарига кўра, Пол акасининг дўстлари томонидан яна таҳдидга учраган. Шу сабабли, полиция уни доимий ҳимояга олган. Шунингдек, унинг онасига ҳам таҳдидлар қилинмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Погбанинг шантаж қилиниши воқеаси. Ундан катта пул талаб қилган акаси ҳибсга олинди