14:41 / 06.12.2022
1 166

Трампнинг собиқ маслаҳатчиси президент сайловида қатнашишга тайёрлигини билдирди

Трампнинг собиқ маслаҳатчиси президент сайловида қатнашишга тайёрлигини билдирди
Жон Болтон
Фото: Getty Images

АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон 2024 йилда АҚШ президенти лавозимига ўз номзодини қўйишга тайёрлигини маълум қилди.

«Сиз келиб-келиб Конституцияга қарши чиқсангиз (худди Трамп каби), бу америкача эмас. Агар Республикачилар партиясидан ҳозирги номзодлар Трампни рад этмаса, унда мен пойгада қатнашишга розиман», — деб ёзди у Twitter’да.

Твитга илова қилинган видеода NBC телеканали эфири акс этган бўлиб, унда Болтон сайловчиларнинг тахминан 59 фоизи Трампни Конституциядан муҳимроқ деб ҳисобламаслиги ҳақида гапирмоқда. NBC қайд этишича, Болтон ушбу баёнотни Трамп 3 декабрь куни ўзининг Truth ижтимоий тармоғи орқали Асосий қонун моддаларининг амал қилишини тўхтатишга чақирганидан кейин берган.

Болтон Трамп президентлиги даврида 2018 йил апрелидан 2019 йил сентябрига қадар маслаҳатчи лавозимида ишлаган. Президент уни толиблар ва Хитой билан музокаралар борасида фикрлари бир жойдан чиқмагани учун ишдан бўшатиб юборган.

Аввалроқ Дональд Трамп 2020 йилги президентлик сайловларида Байден устидан ғалаба қозонганини даъво қилиб, конституциясини бекор қилишга чақирган эди.

«Бундай турдаги ва миқёсдаги оммавий фирибгарлик барча қоидалар ва моддаларни, ҳатто конституциядагиларни ҳам бекор қилиш имконини беради», — деди сиёсатчи. Унинг фикрича, Америка асосчилари икки йил аввал президентлик сайловларида юз берган фирибгарликни эътиборсиз қолдиришни хоҳламаган бўларди.

15 ноябрь куни Трамп 2024 йилги президент сайловига ўз номзодини қўйганини эълон қилди. Шунингдек, у агар АҚШ президенти бўлса, сайлов тизимини ислоҳ қилишга ваъда берди.

Трамп 2017—2020 йилларда АҚШ президенти бўлган. 2020 йил январида у амалдаги президент Жо Байденга лавозимини бўшатиб берган. Трамп ўз мағлубиятини тан олмаган ва сайлов натижаларини суд орқали бекор қилмоқчи бўлган. Бироқ АҚШ Олий суди собиқ президентнинг овоз бериш якунларини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги даъвосини рад этган.

Байден октябрь бошида 2024 йилги президент сайловида Трампни яна мағлуб этишига ишонишини айтганди. Шу билан бирга, амалдаги давлат раҳбари сайловда қатнашиш ҳақида қарор қабул қилганича йўқ, бироқ буни Конгрессга сайловлардан кейин ҳал қилишини айтган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампнинг собиқ маслаҳатчиси президент сайловида қатнашишга тайёрлигини билдирди