Австралияда ангус зотли буқа рекорд нархга сотилди

Австралияда ангус зотли Wyatt W50 лақабли буқа 420 минг Австралия долларига, яъни тахминан 300 минг АҚШ долларига сотилди. Бу натижа мамлакатдаги буқа савдолари бўйича рекорд сифатида қайд этилди. Бу ҳақда ABC News хабар берди.
19 ойлик буқа Янги Жанубий Уэльс штатидаги Millah Murrah наслчилик хўжалигида етиштирилган. Савдо вақтида унинг вазни 834 килограммни ташкил қилган.
Wyatt W50 харидорларни, аввало, юқори наслий кўрсаткичлари билан қизиқтирган. Унинг EBV кўрсаткичлари наслнинг муҳим хусусиятлари, жумладан, тез вазн олиш салоҳияти ва гўшт сифатига оид юқори натижаларни кўрсатган.
Буқа Gundungarra Angus ва JS Grazing компанияси томонидан сотиб олинган. Харидорлар ундан наслчилик мақсадида, жумладан, уруғлик материалини сотиш орқали фойдаланишни режалаштирмоқда.
Австралиядаги аввалги чорва савдоси рекордларидан бири 400 минг Австралия долларини ташкил этган бўлиб, бу нарх Wagyu зотли урғочи қорамол учун тўланган. Wyatt W50 ушбу натижани 20 минг Австралия долларига оширди.
Дунёдаги энг қиммат сотилган ангус буқалардан бири эса SAV America 8018 ҳисобланади. У 2019 йил февраль ойида АҚШдаги ким ошди савдосида 1,51 миллион долларга сотилган. Буқа 205 кунлигида 500 килограмм вазнга етгани билан ҳам эътиборни тортган.






























Изоҳлар 0
…