17:53 / 12.04.2023
268

Чобаҳор портидан бирга фойдаланиш бўйича Ўзбекистон-Эрон-Ҳиндистон транспорт компанияси тузилади

Фото: tehrantimes.com

12-13 апрель кунлари Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида Чобаҳор денгиз порти (Эрон) инфратузилмасидан биргаликда фойдаланиш бўйича Марказий Осиё-Ҳиндистон Қўшма ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Анжуманда Ўзбекистон транспорт вазирининг ўринбосари Жасур Чориев бошчилигидаги делегация иштирок этади. Тадбир кун тартибига «Шимол-Жануб» халқаро транспорт коридори орқали юк ташувларини жадаллаштириш, Ҳиндистоннинг Жавахарлаъл Неру номли (Мумбай) ва Эроннинг Чобаҳор портлари имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари киритилган.

Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-сотиқни янада рағбатлантириш мақсадида халқаро юк ташув йўлакларини диверсификация қилиш, Чобаҳор порти инфратузилмасидан биргаликда фойдаланиш бўйича Ўзбекистон-Эрон-Ҳиндистон транспорт компаниясини тузиш ҳамда Ўзбекистон юкларини ташиш жараёнида имтиёзлар тақдим этиш масалалари кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Деҳли шаҳрига етиб келган Ўзбекистон делегацияси аъзолари Ҳиндистоннинг GMR Group холдинг компанияси бошқарув директори Ражеш Аурора билан учрашди. Ражеш Аурора компания раҳбарияти томонидан Марказий Осиёда транспорт-логистика марказини яратиш масаласи ўрганиб чиқилаётганини билдириб, мазкур жараёнда Ўзбекистон аэропортлари имкониятларидан биргаликда самарали фойдаланишни йўлга қўйиш ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши бўлиши ҳақида фикр билдирди.

GMR Group вакили Ўзбекистонда аэропортларни кенгайтириш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш истиқболлари билан танишиш, шунингдек, II Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашиш мақсадида апрель ойининг сўнгида мамлакатимиз пойтахтига сафар қилишни режалаштираётганини маълум қилди.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг