
Бразилия Адлия ва жамоат хавфсизлиги вазирлиги Вашингтон Россия разведкаси ходими деб ҳисоблаган ва жосусликда айбланаётган Россия фуқароси Сергей Черкасовни АҚШга экстрадиция қилишдан бош тортди. Адлия вазирлиги ўз қарорини 27 июль, пайшанба куни эълон қилди.
«АҚШ сўровига келсак, Адлия ва жамоат хавфсизлиги департаментининг активларни қайтариб олиш ва халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик департаменти судланувчида STF (Олий Федерал суд) томонидан тасдиқланган экстрадиция буйруғи бор бўлганлиги сабабли буни асоссиз деб ҳисоблади», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.
Идоранинг тушунтиришича, АҚШ сўровидан ташқари уларга экстрадиция бўйича Россия сўрови ҳам келиб тушган, бироқ Москва сўровининг ижроси «13445/2017-сонли қонуннинг 95-моддасига мувофиқ» тўхтатилган. Қонун шуни назарда тутадики, экстрадиция фақат суд жараёни тугагандан ёки ҳукм ижро этилгандан кейин мумкин. Россияда Черкасов гиёҳванд моддалар савдосида айбланган.
Сергей Черкасов 2022 йилнинг июнида Нидерландияда қўлга олинган эди. Нидерланд разведкаси маълумотларига кўра, россиялик ўзини Бразилия фуқароси Виктор Мюллер Феррейра сифатида кўрсатган ва Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС)да амалиёт ўташга уринган. Черкасов Бразилияга чиқариб юборилган ва у ерда ҳужжатларни қалбакилаштиргани учун 15 йилга қамалган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!