Тожмаҳал: Бобурийлар заковати, мармарга сингиган мотам ва тирик тарих сирлари

Тожмаҳал: Бобурийлар заковати, мармарга сингиган мотам ва тирик тарих сирлари

Ҳиндистон бўйлаб давом этаётган БРИКС медиа-турининг навбатдаги манзили афсонавий Агра шаҳри бўлди. Дунёнинг етти мўъжизасидан бири, бобурийлар салтанатининг меъморий чўққиси — муаззам Тожмаҳал қаршисида туриб, шунчаки сайёҳ сифатида эмас, балки ушбу буюк меросга қондош халқ вакили ўлароқ ўзгача ички ғурур ва ҳаяжонни ҳис қиласиз.

Бу ердаги муҳит, тошларга сингиб кетган асрлар нафаси ва маҳаллий тарихчиларнинг жонли ҳикоялари ҳар қандай тайёр китобий маълумотлардан анча теранроқ таассурот уйғотади.

Абадий мотам ва севги васияти

Тожмаҳал — шунчаки мақбара эмас, балки муҳаббат фожиасининг оқ мармардаги аксидир. Ҳукмдор Шоҳ Жаҳоннинг суюкли ёри Мумтоз Маҳал 39 ёшида, 14-фарзандини дунёга келтираётган пайтда оғир ҳолатда вафот этади.

Ўлими олдидан малика шоҳга учта васият қолдиради:

Болаларига меҳрибон бўлиш ва уларни ўз паноҳига олиш;

Бошқа аёлга уйланмаслик;

Дунёда тенги бўлмаган, муҳаббатларини абадиятга муҳрловчи мақбара барпо этиш.

Севикли аёлидан айрилган 41 ёшли Шоҳ Жаҳон қаттиқ изтиробда 40 кун давомида қоронғи ҳужрага қамалиб, мотам тутади. Ривоятларга кўра, у ҳужрадан чиққанда қора сочлари бир кечада оппоқ бўлиб улгурган ва умрининг қолган қисмини фақат оқ либосда ўтказган.

Тожмаҳал: Бобурийлар заковати, мармарга сингиган мотам ва тирик тарих сирлари
Изоҳ: «Дарвозаи Равза» — Тожмаҳал мажмуасининг улкан қизил қумтошдан қурилган бош дарвозаси. Унинг пештоқидаги Қуръон оятлари ва мармар нақшлар меҳмонни сирли салтанат сари бошлайди.

Жаннатмонанд Чорбоғ ва сув бўйидаги кўшклар

Бош дарвозадан кирганингизда кўз ўнгингизда бепоён «Чорбоғ» яшил гилами ва уни тўртга бўлувчи сув йўлаклари очилади. Марказдаги лотус шаклидаги ҳавзага бориб туташувчи шарқий ва ғарбий сув каналлари бўйида 1631–1648 йилларда барпо этилган эгизак кўшклар — «Жал Маҳал» (Сув саройи) қад ростлаган.

Қизил қумтошдан яратилган, устида оппоқ мармар гумбазчалар порлаб турган ушбу уч аркли қадимий айвонлар мажмуага нафақат меъморий мукаммаллик, балки иссиқ иқлимда сув ва соя салқинлигини улашувчи бетакрор микроиқлим бағишлайди.

Тожмаҳал: Бобурийлар заковати, мармарга сингиган мотам ва тирик тарих сирлари
Изоҳ: Чорбоғ чеккасидаги тарихий «Жал Маҳал» кўшки ва унинг тарихи битилган тош лавҳа.

Тошлар тилга кирганда: Петра Дура ва кун нури билан тирилувчи мармар

Мақбара пойдеворидан тортиб гумбазигача ноёб Макрана оқ мармаридан бунёд этилган. Бу тошлар Аграга 340 километр узоқликдаги конлардан минглаб туя, фил ва араваларда ташиб келтирилган.

Бу мармарнинг ўзига хос хусусиятлари ҳайратланарли:

Кун тусига қараб рангини ўзгартиради: Эрта тонгда нимпушти тусга кирса, пешинда қуёш тик келганда сутдек оппоқ порлайди, оқшомда ва ойдин кечаларда эса сирли кумушранг жилва сочади.

Петра Дура (парчинкорлик) мўъжизаси: Деворлардаги гул ва нақшлар бўёқ эмас. Оқ мармар ўйилиб, ичига дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган қимматбаҳо тошлар — қизил маржон, феруза, ложувард (лапис-лазули), яшма ва малахит моҳирона қадалган.

Сулолавий сир: Ушбу тошларни мармарга шундай маҳкам ёпиштирган қоришма борки, орадан қарийб 400 йил ўтса ҳам бирорта тош кўчиб тушмаган. Бу санъат ва елимнинг сирли рецепти асрлар давомида фақат бир оила усталари орасида отадан ўғилга ўтиб келади.

Тожмаҳал: Бобурийлар заковати, мармарга сингиган мотам ва тирик тарих сирлари
Изоҳ: Муаззам Тожмаҳалнинг марказий қисми. Оппоқ Макрана мармари қуёш нурида бетакрор жилваланади.

Ақл бовар қилмас муҳандислик: Зилзила хавфи ва оптик мутаносиблик

Тожмаҳалнинг марказий биноси ёнидаги тўртта улкан минорага синчиклаб қарасангиз, уларнинг тик эмас, балки атайлаб ташқари томонга бироз оғдириб қурилганига гувоҳ бўласиз. Бу бобурий муҳандисларнинг даҳоси бўлиб, эҳтимолий кучли зилзила вақтида миноралар муаззам марказий гумбаз устига эмас, балки ташқарига қулашини таъминлаш учун пухта ҳисоб-китоб қилинган.

Мажмуада меъморий мувозанат қатъий сақланган: мақбаранинг чап томонида қизил қумтошдан масжид қад ростлаган бўлса, ўнг томонида визуал мутаносибликни (симметрияни) тўлдириш учун меҳмонхона биноси барпо этилган.

Ҳозирда ушбу ноёб тарихий ёдгорлик кўз қорачиғидек асраб-авайланмоқда. Оқ мармарли юқори майдонга кўтарилувчи ҳар бир меҳмонга оёқ кийим устидан кийиладиган махсус бахилалар берилади, обида ҳудудида экологик тозалик қатъий назорат қилинади.

Шоҳ Жаҳон ва Мумтоз Маҳал мангу қўним топган, Жамна дарёси бўйида қад кўтарган ушбу муаззам обида орадан асрлар ўтса ҳам бутун дунё аҳлини бирдек ҳайратга солишда давом этмоқда. Ўз илдизларимиз шундай буюк тамаддун ва меъморчилик даҳоси билан чамбарчас боғланганини ҳис қилиш эса ҳар биримизга чексиз фахр бағишлайди.

Аградан тайёрланган махсус лавҳаларни кузатиб боринг.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар