Фото: AFP
АҚШ президенти Жо Байден мамлакат раҳбарлари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Маълум қилинишича, Байден президентлар жиноий таъқибдан мутлақ иммунитетга эга бўлиши кераклигининг “бирорта сабабини ўйлай олмаслигини” айтган. Шу тариқа у собиқ президент Дональд Трампнинг 2020 йилги сайловлардаги ўз мағлубиятини бекор қилишга уриниш бўйича суддан дахлсизлик сўрашига муносабат билдирган.
Трамп Олий суддан масалани зудлик билан кўриб чиқишни сўраган, бироқ рад жавобини олган. Собиқ президентга август ойида тегишли айблов қўйилган. Ҳимоя томони Трамп ўзининг президент сифатидаги расмий вазифалари доирасида “сайлов дахлсизлигини таъминлаш” устида иш олиб бораётганини ва шу сабабли “президентлик дахлсизлиги” билан ҳимояланганини таъкидлаб, жиноий ишни тугатишга ҳаракат қилган, бироқ суд адвокатларнинг далилларини рад этган.
Бу Трампга қарши тўртинчи иш бўлди. Бошқалари актриса Сторми Дениелсга жим юриши учун пул тўлаш, 2021 йил январь ойида Капитолийга ҳужум ва Оқ уйни тарк этгандан кейин махфий ҳужжатлар билан нотўғри муомалада бўлишни ўз ичига олади. Собиқ президент ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган ва унинг таъқибини сиёсий деб атаган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг