13:00 / 17.07.2024
93

Аёлларга ҳуштак чалма, кўчада қўй сўйма: Россияда мигрантлар учун курс ишлаб чиқилди

Аёлларга ҳуштак чалма, кўчада қўй сўйма: Россияда мигрантлар учун курс ишлаб чиқилди
Фото: “Коммерсант”
Россияда марказий осиёлик меҳнат мигрантлари учун Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлик (ФАДН) томонидан мослашув курси ишлаб чиқилди. Курс 70 дақиқалик маърузани ўз ичига олади ва у Россиянинг миграция ва меҳнат қонунчилиги ҳақида керакли нарсаларни ўрганишга қаратилган. “Коммерсант” мазкур курс материаллари билан танишиб, улар ҳақида маълумот берди.

Мигрантларнинг ўзини тутиш қоидаларида, аёллар ва эркакларга ҳуштак чалмаслик, ўткинчиларни она тилида муҳокама қилмаслик, кўчада қўй сўймаслик ва бошқа тавсиялар ўрин олган. Бундан ташқари, мигрантларга қисқача тарих сабоқлари берилади, бошқа нарсалар қаторида “СССР бюджетидан катта миқдордаги маблағлар Марказий Осиё республикаларига муваффақиятли ривожланиш имконини бергани” эслатилади.

Мутахассислар дастурга ижобий қараса ҳам, лекин унинг юқори самарадорлигига шубҳа қилмоқда. ФАДН раҳбари ўринбосари Станислав Бедкин Марказий Осиёдан келган муҳожирларнинг ижтимоий-маданий мослашуви бўйича курси Россиянинг тўртта ҳудудида, жумладан, Москва вилоятида ҳам муваффақиятли синовдан ўтганини айтди. Тест синовларидан сўнг дастурларга аниқлик киритилиб, янгиланган курс барча ҳудудларга тарқатилган.

Бугунги кунда Россиянинг аксарият субъектлари ўзининг ҳудудий компонентларини, яъни ҳар бир субъектнинг маданий ва анъанавий хусусиятларини ишлаб чиқди”, дейди Бедкин.

70 дақиқа давом этадиган курс тўрт қисмга бўлинган:

1. “Россия Федерациясининг миграция ва меҳнат қонунчилиги асослари”;
2. “Россияда норасмий хулқ-атвор асослари”;
3. “Россия Федерацияси қонунчилигига риоя қилмаслик ҳолатида жавобгарлик”;
4. “Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқалар тарихи”.

Биринчи бўлимда мигрантларга хориж фуқароларининг Россияга кириши ва қолиш тартиби, шунингдек, патент олиш ва меҳнат шартномасини тузиш қоидалари ҳақида етарлича батафсил маълумот берилган.

Фото: “ТАСС”
Курс давомида “Россия қуролли кучларида шартнома асосида хизмат қилиш орқали Россия фуқаролигини соддалаштирилган тарзда олиш” мумкинлиги айтилади. Бундан ташқари ушбу босқичда барча тасодифий вазиятлар, масалан, “миграция картаси йиртилган ёки ифлосланган бўлса нима қилиш керак”лиги ўргатилади.

Руслар учун одатий бўлган баъзи нарсалар сиз учун янги ва ғайриоддий бўлиши мумкин, аксинча, сизга таниш бўлган нарсалар Россияда номақбул бўлиши мумкин. Бироқ, эсда тутинг: ватанингизда эмассиз, шунинг учун ўзингизни Россияда қабул қилинган тарзда тутишингиз керак”, дейилади “Россиядаги норасмий хулқ-атвор асослари” блокида.
Муаллифлар рус тилини билиш муҳимлигини таъкидлайди: “Руслар кўп миллатли халқ, лекин ҳамма рус тилида гаплашади”. Курсда маданий нюанслар ҳам муҳокама қилинади, яъни қариндош ва таниш бўлмаган одамларга “брат” ёки “сестра” деб мурожаат қилиш мумкин эмас. Шунингдек, мигрантлар “ўткинчиларни ўз она тилида муҳокама қилмаслиги ёки бошқа одамлар олдида ўз она тилида пичирлашмаслиги керак”.

Россия дунёвий давлат эканини ёдда тутиш керак. Россияда жамоат жойларида бирон бир динга муносабат билдириш, кўчада диний маросимлар ўтказиш, жамоат жойларида ибодат қилиш, намоз ўқиш ва бошқалар, ҳайвонларни қурбонлик қилиш ҳам одат тусига кирмайди”, деб таъкидлайди ФАДН.

Фото: “пресидентмедиа.ру”
Шунингдек, Россияда “Улуғ Ватан уруши хотирасига ҳар доим алоҳида эътибор мавжудлиги” таъкидланган.

Шунинг учун унга алоқадор обидалар, жумладан, Мангу олов олдида ўзини ҳурмат ва эҳтиром билан тутиш керак, уларни таҳқирлаш эса қатъий жазоланади”.

Худди шу бўлимда “қарама-қарши жинсдагилар билан хулқ-атвор асослари” ҳақида сўз боради.

Россиядаги аёллар анъанавий равишда ёрқин очиқ кийим кияди, бу одобсизлик эмас ва нормага мос. Лекин бу уларнинг танишувга тайёрликларини англатмайди. Россияда аёлларга нисбатан муносабат жуда эҳтиёткорона, уларнинг ҳуқуқлари эркаклар билан бир хил, шунинг учун уларга тегишлича муносабатда бўлиш керак.

Нотаниш аёллар ва эркакларга жисмоний тегиниш мумкин эмас (тегишиш, чимчилаш, қучоқлаш, қўл ёки кийимдан ушлаш). Бундай ҳаракатлар шилқимлик сифатида баҳоланиши мумкин. Шунингдек, ўзига ёққан аёл ёки эркакнинг эътиборини тортишга ҳаракат қилиб, товуш чиқариш, ҳуштак чалиш, чийиллаш мумкин эмас. Ниҳоят, асосийси, аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмайди
”.

Фото: “дзен.ру”
Учинчи қисм Россия қонунларини, биринчи навбатда, миграция қонунчилигини бузганлик учун жарималар ҳақида. Шунингдек, мигрантлар “экстремистик ва террористик ҳаракатларда иштирок этиш” ёки уларга кўмаклашишга уринмаслик тўғрисида огоҳлантирилади:

Митинг ва намойишларга борманг – одатда уларнинг ташкилотчилари сиздан фақат ўз мақсадлари учун фойдаланмоқчи бўлади. Россияда ҳокимият рухсатисиз митинг ва намойишлар ўтказиш тақиқланган. Иштирокчилар ҳибсга олинади ва жаримага тортилади, чет эл фуқаролари эса Россиядан чиқариб юборилиши мумкин”.

Худди шу бўлимда мигрантларнинг хатти-ҳаракатларига оид ижобий мисоллар келтирилган, масалан, “хорижий фуқаронинг террорчилик ҳужумининг олдини олиш учун қилган қаҳрамонлик ҳаракати” ҳақида сўз боради.

Якуний қисм “Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқалар тарихи”га бағишланган. Унда “Россия ва минтақа давлатларини боғлаб турган дўстлик ришталари кўп асрлик тарихга эга”, дейилади.

Руслар томонидан қалъалар барпо этилган бўлиб, улар кейинчалик Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларига айланган. ХIX асрда Марказий Осиё ерларининг Россия империясига кириши Марказий Осиё иқтисодиётининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Совет Иттифоқи даврида минтақаларимиз ўртасидаги алоқа янада мустаҳкамланди, чунки СССР бюджетидан катта миқдордаги маблағлар Марказий Осиё республикаларини муваффақиятли ривожлантиришга имкон берди”, деб таъкидлайди ФАДН.

Матнли материаллар 11 та анимацион видеолар билан бирга келади. Уларнинг бош қаҳрамони Темур Россиядаги ҳаёт қоидалари ҳақида гапиради. Ҳар бир видео “Aссалому алайкум, азиз биродарлар ва опа-сингиллар! Менинг исмим Темур, мен ўн йилдан бери москваликман” деган жумлалар билан бошланади. Видеоларнинг мазмуни асосан маъруза материалларининг мазмунига тўғри келади.

Мутахассиснинг фикрига кўра, мослашув курсини тугатиш Россияда ишлаш ва узоқ муддатли яшаш учун рухсатнома олишда мажбурий бўлиши шарт. Бунинг учун алоҳида имтиҳон жорий этиш таклиф этилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Аёлларга ҳуштак чалма, кўчада қўй сўйма: Россияда мигрантлар учун курс ишлаб чиқилди