date
views 107

Эрдўған Суриядаги исёнчилар юриши юзасидан муносабат билдирди

Эрдўған Суриядаги исёнчилар юриши юзасидан муносабат билдирди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги исёнчилар коалицияси Башар Асад ҳукумати кучларига қарши ҳужум бошлаган Суриядаги вазиятга изоҳ берди.

У исёнчилар Идлиб, Ҳалаб ва Ҳама шаҳарларини эгаллаган ҳарбий операцияни «мухолифат юриши» сифатида таърифлади.

«Идлиб, Ҳама, Ҳомс ва, албатта, мақсад Дамашқ. Мухолифатчиларнинг юриши давом этмоқда. Умид қиламизки, Суриядаги бу юриш муаммоларсиз давом этади», — дейди Эрдўған.

Туркия етакчиси, шунингдек, у Сурия президенти Башар Асадга вазиятни тартибга солиш бўййича мурожаат қилгани, аммо «ижобий жавоб» олмаганини қўшимча қилди.

«Биз Асадга қўнғироқ қилдик. "Келинг, Сурия келажагини биргаликда белгилаб олайлик", дедик. Афсуски, бу масалада ижобий жавоб олмадик», — дейди Эрдўған.

27 ноябр куни исёнчи гуруҳларнинг «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги коалицияси Сурияда Башар Асад ҳукумати назорати остидаги ҳудудларга юриш бошлади. Уч кун ичида улар Ҳалабни эгаллагани маълум бўлди. 5 декабр куни исёнчилар Ҳама шаҳрига кириб, ҳукумат қўшинларини сиқиб чиқарди.

Бу сўнгги тўрт йил ичида минтақада юз бераётган биринчи йирик можаро — 2020 йилда Асад қўшинлари ва исёнчи гуруҳлар Россия ҳамда Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганди. Сурияда 2011 йилдан бери давом этаётган фуқаролик урушида Россия Башар Асадни, Туркия эса мухолифат гуруҳларни қўллаб-қувватламоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўған Суриядаги исёнчилар юриши юзасидан муносабат билдирди