Суриядаги манбалар Исроил жанговар самолётлари бутун Сурия бўйлаб, жумладан сешанба тонгида портлаш овозлари эшитилган пойтахт Дамашқ атрофида ўнлаб зарбалар йўллагани ҳақида хабар берди. Исроил мудофаа армияси бу хабарлар юзасидан изоҳ бермади; у шунингдек, Исроил қуруқлик қўшини буфер зонадан Сурия ичкарисига ҳаракатлангани тўғрисидаги маълумотни ҳам инкор этган.
Исроил Суриядаги энг муҳим 250 дан ортиқ ҳарбий объектга, жумладан, Россия базалари жойлашган Латақияга ҳаво ҳужумларни уюштирди. Фото: X / @ZainAbbadi11
AFP мухбирлари хабар беришича, Дамашқда кучли портлаш овозлари эшитилган. Агентлик тарқатган фотосуратда ҳам Сурия пойтахти марказида кўтарилган тутун устуни акс этган.
Офиси Буюк Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси (SOHR) сешанба тонгидан бошлаб 100 дан ортиқ зарба бериланини билдирган.
Ташкилот маълумотига кўра, сўнгги икки кун мобайнида Исроил ағдарилган Башар Асад режими ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш мақсадида Сурия ҳудудлари бўйлаб жами 250 га яқин авиазарба йўллаган.
SOHR баёнотида зарбалар оқибатида «Суриядаги энг муҳим ҳарбий объектлар йўқ қилингани» айтилган — жумладан, аэропортлар, авиация эскадрилялари, радарлар, сигнал станциялари, қурол ва ўқ-дори омборлари, илмий-тадқиқот марказлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда мамлакат шимоли-шарқидаги Латақия шаҳри портида турган ҳарбий кемалар.
Якшанба тонгида бошланган авиазарбалар Суриянинг барча ҳудудларини қамраб олган, дея қайд этади мониторинг марказ. Аввалроқ SOHR Исроил авиазарбалари серияси Суриянинг бир неча вилоятлари, жумладан Дамашқдаги ҳарбий объектларга қаратилгани ҳақида маълум қилганди.
Дам олиш кунларида «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги суриялик исёнчилар ҳокимиятни ўз қўлига олган ва Дамашқни эгаллаганди. Асад Россияга қочди, президент Владимир Путин унга бошпана беришга қарор қилган.
Ҳарбий базалар бўйлаб зарбалар
Душанба куни кечқурун Reuters агентлиги Исроил самолётлари Сурия армиясининг ўнлаб вертолётлари ва самолётлари жойлаштирилган учта йирик авиабазасига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.
Нашрнинг Сурия хавфсизлик кучларидаги икки манбаси мамлакат шимоли-шарқидаги Қамишли авиабазаси, Ҳомс вилоятидаги Шиншар базаси ҳамда Дамашқ жануби-ғарбидаги аэродром ушбу ҳужумлар нишони бўлганини айтган.
Шунингдек, Дамашқ чеккасидаги тадқиқот маркази ва радиоэлектрон кураш воситалари маркази бўйлаб бир неча бор зарба берилган, деган Reuters суҳбатдошлари. Бундан ташқари, душанба куни агентлик манбаси Латақия шаҳри порти яқинидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими зарбага учраганини айтган.
Якшанба куни, исёнчилар Дамашқни қўлга олганида, Исроил пойтахт бўйлаб учта авиазарба йўллаганди — агентлик суҳбатдошлари айтишича, ўтмишда Эрон ракеталар ишлаб чиқаришда фойдаланган хавфсизлик кучлари комплекси ҳамда ҳукумат тадқиқот маркази бу зарбаларга нишон бўлган.
Бундан ташқари, Исроил якшанба куни Сурия жануби-ғарбидаги нишонларга, жумладан, Ас-Сувайда шаҳридан шимолда жойлашган Халхала авиабазасига ҳужум қилганди.
Исроилликлар кўп йиллардан буён Суриядаги Эрон билан алоқадор бўлган объектларга зарбалар йўллаб келади, улар ўтган йил 7 октябрида Ҳамас уюштирган рейддан кейин бу йўналишда ҳам фаоллашганди.
Исроил мудофаа армияси охирги зарбалар юзасидан расмий маълумот бермаган. Шу билан бирга, Исроил томони қуроллар «экстремистлар қўлига тушиши»нинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилган.
Исроилнинг Жўлан тепаликларидаги қуруқлик амалиёти
Исроиллик ҳарбийлар аввалроқ доимий жойлашув манзили Жўлан тепаликлари атрофидаги чегара ҳудудда бўлган 210-дивизия Сурия билан чегара бўйлаб «мудофаа амалиёти»ни давом эттираётганини маълум қилганди.
ЦАҲАЛ баёнотида айтилишича, дивизия кучлари якшанба куни кечқурундан «олдини олиш ҳаракатлари»ни бошлаганди, исроилликлар наздида бу амалиёт Суриядаги ички вазият фонида Жўлан тепаликлари аҳолиси хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Исроилда айтишларича, улар «мудофаани мустаҳкамлаб, регионни ҳар қандай эҳтимолий таҳдиддан ҳимоя қилади».
Бу вақтда Reuters агентлигининг Суриядаги манбалари Исроилнинг қўшни мамлакат жанубидаги ҳарбий босқини давом этаётгани ва ЦАҲАЛ кучлари Дамашқдан 25 км жануби-ғарбда турганини айтишган.
Агентлик суҳбатдошларидан бири маълум қилишича, Исроил қўшини Катанага етиб боришган. Суриянинг ушбу аҳоли яшаш манзили Исроил оккупация қилган Жўлан тепаликларини Суриядан ажратиб турувчи демилитаризация зонасидан 10 км шарқда жойлашган.
Аммо Исроил томони бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги, ўз ҳарбийлари буфер зона ичкарисида қолаётганини маълум қилган. «Бу тўғри эмас, кучларимиз буфер зонадан чиққани йўқ», — деган армия вакили Reuters агентлигига.
БМТ Исроил кучлари буфер зона ичида ҳаракатланишини ҳам Исроил ва Сурия ўртасида 1974 йилда тузилган қўшинларни ажратиш тўғрисидаги келишувни бузиш ҳисобланишини билдирган. Асад режими қулагани ортидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу келишув энди амалда эмаслигини айтганди.
Исроил Суриядаги Жўлан тепаликларининг бир қисмини 1967 йилги Олти кунлик уруш вақтида босиб олганди, шундан сўнг БМТ назорати остида қуролсизлантирилган буфер зона яратиш бўйича келишувга эришилган.
Душанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурияда Асад режими қулаганидан кейин юзага келган вазиятни муҳокама қилиш учун ёпиқ йиғилиш ўтказди. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Конституциявий суд: Қурувчи ташкилотлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарур
Сурияда исёнчилар Башар Асаднинг отаси қабрини вайрон қилди
"Мевалар қироли" мангонинг саломатлик учун қандай фойдали хусусиятлари бор?
“Йил одами-2024” учун кимлар даъвогарлик қилмоқда?
Осиё чемпионати. Адҳамжон Муҳиддинов мезбонлар вакилини енгиб олтин медалга сазовор бўлди!
Сурия собиқ президенти Башар Асад саройида ҳадяларга тўла хона топилди (фото)
Зеленский Украинада ишлаб чиқарилган янги қуроллар ҳақида нималар деди?
Эртага Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксдаги навбатдаги жангини ўтказади