ИШИД жангарилари
Фото: Depositphotos
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) кучлари Суриянинг Дайр аз-Зор вилоятида ҳаво ҳужумини амалга оширди, натижада “Исломий давлат” ИШИД раҳбарларидан бири ҳалок бўлди.
Қўмондонлик матбуот хабарида таъкидланишича, зарба 19 декабрь куни ҳокимиятдан четлаштирилган президент Башар Асад ҳукумат қўшинлари ва Россия ҳарбийлари назоратида бўлган ҳудудга берилган.
Ҳужум оқибатида ИШИД жангарилари, жумладан, гуруҳ раҳбарларидан бири Абу Юсуф ўлдирилган.
Пентагонга кўра, ҳаво ҳужуми Марказий қўмондонликнинг “террорчиларнинг АҚШ тинч аҳолиси ва ҳарбий хизматчиларига, уларнинг иттифоқдошлари ва ҳамкорларига қарши ҳужумларни режалаштириш, ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича уринишларини барбод қилиш ва заифлаштириш” вазифаларининг бир қисми ҳисобланади.
“Айтиб ўтилганидек, Қўшма Штатлар минтақадаги иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан биргаликда ИШИДнинг Суриядаги жорий вазиятдан фойдаланишига ва қайта тикланишига йўл қўймайди”, деди CENTCOM қўмондони генерал Майкл Эрик Курилла.
Унинг аниқлик киритишича, “ИШИД ҳозирда Сурияда қамоқда сақланаётган 8 мингдан ортиқ ИШИД жангариларини озод қилишни мақсад қилган”.
“Биз бу етакчилар ва жангариларни, шу жумладан Суриядан ташқарида операциялар ўтказишга уринаётганларни фаол равишда таъқиб қиламиз”, дея қўшимча қилган у.
ИШИД — (Ироқ ва Шом Ислом давлати) ташкилотнинг дастлабки номи, кейинчалик “Ислом давлати” деб қисқартирилган. ИШИД ва унинг дунё бўйлаб турли мамлакатлардаги ҳужайралари АҚШда террористик ташкилот сифатида эътироф этилган.
Бу ҳафта CENTCOM аллақачон АҚШ қўшинларининг Суриядаги зарбалари ҳақида маълумот берган эди. Қўмондонлик ИШИД лагерларига юқори аниқликдаги ҳаво зарбалари берилганини, бунинг оқибатида 12 жангари ҳалок бўлганини айтган.
Аввалроқ АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Жон Файнер, АҚШ қўшинлари ИШИД жангариларини йўқ қилишга қаратилган террорчиликка қарши кураш миссияси доирасида Башар Асад режими қулагандан кейин ҳам Сурияда қолишини маълум қилган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Германияда Рождество ярмаркасида теракт содир этилди
Россия Курск вилояти ва Украина шарқида ҳужумларни кучайтирмоқда
Маск Украинага ёрдам беришни АҚШнинг энг ёмон қарорларидан бири деб атади
Илон Маск: “Европа давлатлари йўқ бўлиб кетиш хавфи остида”
Ал-Жулоний: “Сурия Афғонистон эмас ва бўлмайди ҳам”
Туркий давлатлар фейк ва дезинформацияга қарши биргаликда курашади
Путин Суриядаги вазиятдан фойда кўрган давлат номини айтди
Жакартада "Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати" кўргазмаси очилди