Россия чоршанба куни Суриянинг янги де-факто раҳбари билан мамлакатдаги икки ҳарбий базасини сақлаб қолиш бўйича “очиқ” музокаралар ўтказганини маълум қилди. Бироқ, бунинг эвазига Москва қандай талаблар қўяётгани ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.
Музокаралардан хабардор суриялик манбанинг Reuters агентлигига хабар беришича, янги раҳбар Аҳмад ал-Шаръа Россиядан Суриянинг собиқ президенти Башар ал-Ассадни топширишни сўраган. Унинг айтишича, Асад декабрь ойида Шаръа исёнчилари томонидан ағдарилгандан сўнг Россияга қочиб кетган.
Суриянинг расмий SANA ахборот агентлигига кўра, Дамашқ шунингдек, Россиядан Суриядаги фуқаролик уруши давомида Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлагани учун товон тўлаш, мамлакатни қайта тиклаш ва қайта қуриш бўйича аниқ чоралар кўришни талаб қилмоқда.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россиядан Асадни қайтариш ва товон тўлаш бўйича талаб тушган-тушмагани ҳақида саволга изоҳ беришдан бош тортди.
Россия йиллар давомида Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келган ва ҳозирда Латакия яқинидаги Тартус денгиз базаси ҳамда Хмеймим ҳаво базасини сақлаб қолишни мақсад қилган. Агар Москва бу ҳарбий объектлардан воз кечса, бу унинг минтақадаги ҳарбий қудратига жиддий зарба бериши мумкин.
Суриянинг янги маъмурияти Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов бошчилигидаги делегация билан ўтказилган музокаралардан сўнг расмий баёнот бериб, “муносабатларни тиклаш ўтмишдаги хатоларни бартараф этиши, Сурия халқининг иродасига ҳурмат билан ёндашиши ва уларнинг манфаатларига хизмат қилиши лозимлигини” таъкидлади.
Бироқ, суриялик манбанинг маълум қилишича, Москва ўз хатоларини тан олишга тайёр эмас. Ҳозирча эришилган ягона келишув — музокараларни давом эттириш ҳақидаги қарор бўлди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги эса “барча масалалар бўйича очиқ муҳокама бўлганини” билдириб, икки давлат ўртасидаги мулоқот келажакда ҳам давом этишини таъкидлади. Шу билан бирга, ҳарбий базаларга оид аниқ келишувлар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади.
Сурия собиқ президенти Башар Асад ва унинг оиласи 2024 йил 8 декабр куни мамлакатни ташлаб, Россияга қочган эди. Дмитрий Песков унга бошпана бериш ҳақидаги қарор шахсан президент Владимир Путин томонидан қабул қилинганини айтди. Россия 2011 йилда Сурияда бошланган фуқаролар урушида Башар Асадни қўллаб келган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар