
Фото: AP
АҚШ Солиқ бошқармаси (IRS) минглаб ходимларини ишдан бўшатишга тайёргарлик кўрмоқда, деб хабар беради Associated Press. Тегишли қарор Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) ходимининг ташрифидан кейин дарҳол қабул қилинган.
Агентлик маълумотларига кўра, гап ҳали тўлақонли меҳнат шартномасини имзолашга улгурмаган синов муддатидаги ходимлар ҳақида кетмоқда. Улар билан меҳнат шартномаси жорий ҳафтада бузилиши кутиляпти.
Оқ уй ҳам, Солиқ бошқармаси ҳам мазкур маълумотга изоҳ бермаган. ABC News манбаларининг таъкидлашича, IRS’нинг синов муддатидаги 15 мингга яқин ходими ишсиз қолади. Телеканал суҳбатдошига кўра, қисқартиришлар солиқ декларацияларини тўғридан-тўғри қайта ишлашга боғлиқ бўлмаган ходимларга тааллуқли, шу боис уларнинг ишдан кетиши IRS фаолиятига таъсир кўрсатмаслиги керак.
Телеканалнинг таъкидлашича, DOGE ходими АҚШ Солиқ бошқармаси штаб-квартирасига 13 феврал куни ташриф буюрган. Унинг мақсади IRS’нинг техник таъминотини текшириш, шунингдек, солиқ хизмати текширувлари қандай ўтказилаётганини билиш бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўган ҳафта Ядро хавфсизлиги миллий бошқармасининг (NNSA) 400 нафаргача ходими, жумладан, NNSA’да ядровий қуролларни яратиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи мутахассислар ишдан бўшатилгани тўғрисида хабар берилганди. AP манбасига кўра, NNSA ходимлари 13 феврал куни «кутилмаганда» ишдан бўшатилган. Кейинроқ Трамп администрацияси NNSA’нинг юзлаб ходимлари ишдан бўшатилишини бекор қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар