
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина президенти Володимир Зеленскийга нисбатан очиқчасига кескин фикр билдириши Вашингтон Россия томон бурилиши билан боғлиқ эмас, балки конлар бўйича келишув тузиш учун Киевга босим ўтказиш усулидир. Бу ҳақда Politico Оқ уйдаги манбаларига таяниб ёзмоқда.
Нашр суҳбатдошлари «музокаралар олиб боришдаги қўпол тактиканинг навбатдаги намунаси» бўлган «даҳанаки жанг»га жиддий эътибор бермасликка чақирган.
Уларнинг фикрича, агар келишув имзоланса, Зеленский ва Трампнинг муносабатлари жойига тушади.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам Трампнинг Зеленскийга эътирозлари — конлар бўйича таклиф рад этилгани туфайли эканини билдирган.
Рубионинг сўзларига кўра, Вашингтонда бундай келишув ўз-ўзидан Украина учун келажакдаги хавфсизлик кафолати бўлади, деб ҳисоблашади, чунки АҚШ унинг ер ости бойликларига кириш ҳуқуқини қўлга киритгач, бундан «шахсан манфаатдор» бўлади.
Рубио Зеленский аввалига келишувга розилигини билдиргани, кейин эса уни очиқчасига рад этганидан Вашингтондагиларнинг ҳафсаласи пир бўлганини таъкидлаган: «Икки кун ўтиб Зеленский шундай деганини ўқидим: „Мен келишувни рад этдим, мен уларга ҳеч қандай ҳолатда буни қилмаслигимизни айтдим“. Сизга айтсам, ўша учрашувда бундай воқеа бўлмаганди. Шундай қилиб, кимдир сизни хафа қила бошлади — биз эса бу йигитларга ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз».
Axios маълумотларига кўра, АҚШ аллақачон Украинага ер ости бойликлари бўйича янги келишув лойиҳасини юборган, унда Зеленскийнинг «баъзи хавотирлари» ҳисобга олинган. Нашр манбаси маълум қилишича, Украина президентининг бир неча маслаҳатчилари келгусида Трамп билан келишмовчиликка бормаслик учун уни янгиланган битимни имзолашга кўндирган.
Трампнинг Зеленскийга ҳужумлари
АҚШ президенти Доналд Трамп ўзи «сайловсиз диктатор» деб атаган Украина президенти Володимир Зеленскийга ҳужум қилишда давом этмоқда. Associated Press хабарига кўра, 19 феврал куни кечқурун Майамидаги инвестиция форумида сўзлаган нутқида Трамп фойдали қазилмалар бўйича келишувни имзолашдан бош тортгани учун Зеленскийга «ғазабини сочган». «Улар бу келишувни бузишди», — деган Трамп. Аввалроқ Зеленский хавфсизлик кафолатлари ҳақида гап кетмагани, фақат АҚШ Украинанинг барча нодир металларининг 50 фоизига эга бўлиши айтилгани туфайли шартномани имзолашдан бош тортганини билдирганди.
Президент самолёти бортида журналистлар билан суҳбатда Трамп украинлар феврал ойи бошида Киевга АҚШ молия вазири Скотт Бессент келишидан олдин келишувга «кўпроқ ёки камроқ рози бўлгани»ни айтди. Трампнинг сўзларига кўра, украинлар Бессентга «жуда қўпол муносабатда бўлишган»: «Моҳиятан унга „йўқ“ дейишган, Зеленский эса ухлаб ётган ва у билан учраша олмаган».
«У кўп соат поездда юриб борди, бу эса хавфли саёҳат ва биз молия вазири ҳақида гаплашяпмиз. У ҳужжатга қўл қўйиш учун у ерга борди ва қуруқ қайтди. Улар ҳужжатни имзоламади», — деган АҚШ президенти.
Фойдали қазилмалар бўйича келишув қайта тикланиши эҳтимоли бўйича саволга жавоб бераркан, Трамп шундай деди: «Ҳа, ўйлайманки, мен бу келишувни қайта тиклайман, нима бўлишини кўрамиз, лекин мен уни қайта тиклайман, акс ҳолда бу қизиқарли бўлмайди. Мана, сайлов вақти ҳам келди».
Reuters агентлиги маълумотига кўра, Трамп маъмурияти Украина билан табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича соддалаштирилган битим тузиш вариантини кўриб чиқмоқда. Агентлик манбалари айтишича, бу келишувни тезда имзолаш имконини беради, батафсил шартлар кейинроқ муҳокама қилинади. Агентлик суҳбатдошлари таъкидлашича, Киев келишув тузишга тайёр, аммо шартлар «йиртқичларча» бўлмаслиги керак.
Трамп 18 феврал куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Россия-АҚШ музокараларидан кўп ўтмай Зеленскийни танқид қила бошлади. Трамп ҳеч қандай исбот келтирмаган ҳолда Украинада Володимир Зеленскийни маъқуллаш рейтинги 4 фоиз эканини айтганди. Зеленский бунга жавобан «агар кимдир уни ҳозироқ алмаштирмоқчи бўлса, бунинг иложи йўқлиги»ни айтганди. Ўз навбатида, Украина президенти ҳам Трампни Россия дезинформацияси қурбони деб атади.
Кремл Трамп ва Зеленский ўртасида юзага келган келишмовчиликларга изоҳ бериб, Украина президентининг рейтинги пасайиб бораётгани ва «бу мутлақо яққол тенденция» эканини айтди. «Зеленский ва умуман Киев режимининг кўплаб вакилларининг риторикаси яхшиликка олиб келмайди. Кўпинча Украина режими вакиллари, айниқса, сўнгги ойларда бошқа давлатлар раҳбарларига нисбатан мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган гапларни айтишмоқда», — деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Унинг сўзларига кўра, кўплаб давлат раҳбарлари учун «бу мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат».
Сўнгги кунларда Доналд Трамп тинчлик келишувининг кафолати сифатида Украинага тинчликпарвар кучларни юбориш бўйича келишувга эришмоқчи бўлган Франция ва Буюк Британиянинг саъй-ҳаракатларини очиқчасига қўллаб-қувватлади. Трамп тинчликпарвар кучлар юборилишини «ажойиб жест» деб атади.
The Telegraph газетаси маълумотларига кўра, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер феврал ойида Трамп билан бўлиб ўтадиган учрашувда Европа давлатлари Украинага 30 минг аскар юборишини кўзда тутувчи режани тақдим этади (Украина 100 мингдан ортиқ аскар кераклигини билдирган). Шунингдек, Стармер Россия сулҳ шартларини бузган тақдирда Америка қирувчи самолётлари ва ракеталари Шарқий Европада жанговар шай ҳолатда бўлишини талаб қилади.
Аввалроқ The Times газетаси Буюк Британия хавфсизлик кафолати сифатида Украинага қирувчи самолётлар ва оз сонли қуруқликдаги қўшинларини юбориши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар