00:49 / 23.03.2025
537

Европа ва Дубай шоколадларида хавфли моддалар аниқланди

Европа ва Дубай шоколадларида хавфли моддалар аниқланди
Deutsche Welle нашрининг хабар беришича, ўтказилган тадқиқот давомида Европа ва Дубайда ишлаб чиқарилган олти турдаги шоколад таҳлил қилинди. Натижалар шок ҳолатига солди: уларнинг таркибида нафақат паст сифатли, балки инсон соғлиғи учун хавфли моддалар ҳам аниқланди.

Тадқиқот ва текширув натижалари

Тадқиқот давомида мутахассислар 7 евродан 25 еврогача бўлган шоколадларни лабораторияда ўрганиб чиқишди. Намуналар икки хил манбадан келтирилган:

- Дубайдан – 2 та шоколад;
- Туркиядан – 1 та шоколад;
- Нидерландиядан – 1 та шоколад;
- Германиядан – 2 та шоколад.

Текширув натижалари 18 март куни эълон қилинди ва бир қатор хавотирли фактларни очиқлади.

Канцерогенлар ва замбуруғ излари

Таҳлиллар давомида Дубайда ишлаб чиқарилган шоколадларда хавфли моддалар – 3-моноклорпропандиол ва глицидил эфирлари аниқланди. Бу моддалар рафинация қилинган палма мойи таркибида учраб, канцероген деб ҳисобланади.

Шунингдек, пистадан тайёрланган бир шоколад намунасида афлатоксинлар – моғор замбуруғидан пайдо бўладиган моддалар аниқланди. Мутахассислар бу моддалар жиддий хавф туғдирмаслигини айтишса-да, улар сифатли шоколад таркибида бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлашган.

Таркиб ва аниқланган камчиликлар

Дубай услубидаги шоколадлардан бири хавфли моддаларни ўз ичига олмаган бўлса-да, улар гастрономик жиҳатдан ҳеч қандай ўзига хосликка эга эмас. Фақат битта – БААда ишлаб чиқарилган шоколадда пистанинг аниқ таъми сезилган. Қолган шоколадларда эса оддий ёнғоқли таъм устунлик қилган.

Шунингдек, шоколад таркиби асосан шакар ва ўсимлик мойидан иборат бўлиб, баъзи маҳсулотларда ароматизаторлар ва ранг берувчи моддалар ҳам мавжуд. Бу ҳолат шоколадни юқори сифатли маҳсулот деб аташ имконини бермайди.

Мутахассислар ёрлиқ ва огоҳлантириш маълумотлари билан боғлиқ жиддий камчиликларни ҳам аниқлади. Тўртта ҳолатда маҳсулот таркиби ва аллергенлар ҳақидаги маълумотлар умуман кўрсатилмаган.

«Дубай шоколади» шов-шуви асоссизми?

Текширувчилар хулосасига кўра, «Дубай шоколади» ҳақидаги ажойиб тавсифлар асоссиз. Мутахассислар классик пистали шоколадни бу ширинликка арзон ва хавфсизроқ муқобил сифатида тавсия этишмоқда.

Агар истеъмолчилар айнан Дубайча услубдаги ширинлик исташса, мутахассислар уни уй шароитида тайёрлашни тавсия қилишмоқда. Интернетда ушбу рецептлар кўп учрайди. Керак бўладиган масалликлар қуйидагилар:

- Шоколад,
- «Фаришта сочи» (шарқ ширинликлари дўконларида сотилади),
- Ўсимлик мойи,
- Кунжут пастаси,
- Писта креми.

Олиб борилган тадқиқотлар шундай хулосага келмоқда: баъзи шоколадлар нафақат сифатсиз, балки соғлиққа хавфли. Шу боис истеъмолчиларга шоколад танлашда эҳтиёткорлик билан ёндошиш, таркиб этикеткасини диққат билан ўқиш тавсия қилинади. Дубай шоколади ҳақидаги ажойиб таърифлар ва баланд нарх ҳар доим ҳам сифат кафолати эмас.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг