date
views 315

Путин жанговар ҳаракатларни тўхтатишни таклиф қилди — фронт чизиғи музлатиладими?

Путин жанговар ҳаракатларни тўхтатишни таклиф қилди — фронт чизиғи музлатиладими?
Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича илк марта моддий мазмундаги расмий таклиф билан чиққан. Financial Times нашрининг ёзишича, Кремл ҳозирги фронт чизиғи асосида жанговар ҳаракатларни музлатиш таклифини илгари сурмоқда.

Трамп элчиси билан учрашув — Москва позициясини енгиллатмоқдами?

FT манбаларига кўра, Путин апрель ойи бошида Санкт-Петербургда АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашувда Москва Украина ҳудудининг айрим қисми бўйича ўз даъволаридан воз кечиши мумкинлигини билдирган.

Яъни, Россия эгаллаб олган, аммо ҳозирда Киев назоратида турган ҳудудларни қайтаришга рози бўлиши мумкин. Бу эса 2022 йилдан буён Кремл сўзлаган максималистик талаблардан оғиш деб баҳоланмоқда.

Қрим ва назоратдаги тўрт область масаласи муҳокамада

Шундан сўнг, АҚШ томони можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича қатор таклифларни муҳокама қилишни бошлаган. Жумладан:

- Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш;
- Россиянинг назорати остида бўлган тўртта областьдаги ҳолатни расман эътироф этиш.

Бу таклифлар шунингдек тўлиқ фронтни музлатиш вариантлари билан ҳам боғлиқ.

Европа шубҳада, Киевда босим сезиляпти

Бироқ, айрим европалик расмийлар бу таклифга ишонч билан қарамаяпти. Уларнинг фикрича, Путин бу маневр орқали Трампни Россия шартларини қабул қилишга ундамоқчи.

“Киевга айрим позициялардан воз кечиш учун кучли босим қилинмоқда. Ҳаммаси Трамп буни ‘дипломатик ғалаба’ сифатида эълон қилиши учун қилиняпти”, — дейди FT манбаларидан бири.

Песковдан изоҳ: “Фейклар кўпайди”

“РИА Новости” мазкур мақолага нисбатан Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковдан изоҳ олди. У FTдаги мақолани фейк деб атаб:

“Ҳозир жуда кўп сохта хабарлар тарқаляпти. Улар орасида нуфузли нашрлар ҳам бор. Шунинг учун фақат расмий манбаларга ишониш керак”, — деди Песков.

Лондон музокараси: АҚШ расмий таклифлар билан чиқади

23 апрель куни Лондонда АҚШ, Украина ва Европа иттифоқчилари ўртасида музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. The Washington Postнинг ёзишича, АҚШ мазкур учрашувда:

- Қримни Россияга тегишли деб тан олиш,
- фронт чизиғини музлатиш каби таклифлар билан чиқади.

Зеленскийнинг жавоби: “Қрим — Украина ҳудуди!”

Украина президенти Володимир Зеленский эса бу масалага муносабат билдириб, Қримни ҳеч қачон юридик жиҳатдан Россия ҳудуди сифатида тан олмасликларини алоҳида таъкидлади:

“Бу — бизнинг еримиз, Украина халқига тегишли ҳудуд”, — деди Зеленский.

Сиз нима деб ўйлайсиз — урушни тўхтатиш учун фронт чизиғини музлатиш тўғри ечимми? Трамп орқали келишув амалга ошса, бу ҳақиқий тинчлик бўладими ёки вақтинчалик сиёсий маневрми?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин жанговар ҳаракатларни тўхтатишни таклиф қилди — фронт чизиғи музлатиладими?