
Яқин Шарқда кескинлашган вазият яна бутун дунё эътиборини ўзига қаратмоқда. Жорий ҳафтада Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Эрон ҳудудига катта кўламда зарбалар йўлланди. Ҳужум “огоҳлантирувчи зарба” сифатида баҳоланди ва асосий нишонлар сифатида Ислом Республикасининг ядровий дастури билан боғлиқ объектлар, стратегик ҳарбий иншоотлар ҳамда қатор юқори даражали шахслар танланди.
Мазкур операцияда 200 дан зиёд қирувчи самолёт иштирок этди. Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) маълумотларига кўра, бир кечада 100 дан ортиқ нишонга зарба берилган ва натижада мамлакатнинг ядровий инфратузилмаси, илмий ва ҳарбий раҳбарияти ҳам зарбалар билан тўқнаш келган. ОАВ хабарига кўра, бу ҳужумлар оқибатида Эрон қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирий, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саломий, шунингдек, ядровий соҳада фаолият юритган олимлар Фариддун Аббосий-Давоний ва Муҳаммад Меҳди Теҳрончи ҳалок бўлгани айтилади. Яна бир муҳим хабар — оятуллоҳ Хоминаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхоний оғир яралангани бўйича тарқалди.
Энг муҳими, ушбу ҳужумларга нисбатан Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий кескин муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, Исроил бу ҳаракати билан ўзининг “жиноятини” яна бир бор намоён қилди ва “ўзи учун аччиқ қисмат тайёрлади”. Хоминаий сўзларига кўра, Исроил “ўзининг жирканч характерини” кўрсатиб, Эронга қарши оғир жиноят содир этди ва “қаттиқ жазо”га дучор бўлиши муқаррар. У, шунингдек, мамлакат ва халқни юксак ҳушёрлик ва бирдамликка чақирди.
Исроил томони эса ўз баёнотларида ушбу операцияни минтақада хавфсизликни сақлаш, айниқса, Эроннинг ядровий салоҳиятини чеклаш мақсадида амалга оширилганини маълум қилди. Мудофаа вазири Исраэл Кац “агар бу имконият қўлдан бериб юборилса, Эроннинг ядро қуроли ишлаб чиқишига тўсқинлик қилиш имконсиз бўлади”, деб таъкидлади.
Шу билан бирга, ҳужумдан сўнг Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилди, ҳаво ҳудудини ёпди ва ўн минглаб аскарларни тайёргарлик ҳолатига келтирди. Шунингдек, мамлакат Эрондан жавоб зарбасини кутаётганини расман маълум қилди.
Якуний хулоса қилиб айтиш мумкин: минтақада сиёсий-ҳарбий таранглик янги босқичга кўтарилди. Ҳар бир қарор ва ҳаракат нафақат давлат раҳбарларини, балки оддий фуқаролар тақдирини ҳам белгиловчи омилга айланмоқда. Ислом Республикаси раҳбарияти қатъий жавоб беришини билдирди ва бу воқеалар яна қанчалик кучайиши мумкинлиги ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар