date

Россияда патент олиш учун имтиҳонлар қийинлашади

Россияда патент олиш учун имтиҳонлар қийинлашади
Россияда меҳнат қилиш ёки доимий яшашни истаган мигрантлар учун рус тили бўйича қўйиладиган талаблар янада қатъийлашмоқда. Таълим соҳасида назорат олиб борадиган федерал хизмат — “Рособрнадзор” томонидан маълум қилинишича, 2025 йил 10 июлдан бошлаб патент ёки яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) олишни хоҳловчи хорижликлар рус тили имтиҳонида янги, мураккаблаштирилган тартибда синов топширишлари керак бўлади.

Энди тинглаб тушуниш бўлимидаги топшириқлар сони иккитадан тўрттагача оширилади. Шу билан бирга, ҳар бир бўлим учун минимал ўтиш балли белгиланмоқда. Бу фақатгина тил билиш даражасини эмас, балки гапириш ва тушуниш қобилиятини ҳам адолатли баҳолаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Мазкур ўзгаришлар нафақат вақтинчалик ёки доимий яшашга рухсатнома олишни ният қилганлар, балки Россияда патент орқали ишлашни режалаштираётган барча меҳнат муҳожирлари учун ҳам татбиқ этилади.

Шунингдек, 2025 йил 23 июндан бошлаб имтиҳонлар учун саволлар банки икки бараварга кўпайтирилади. “Рособрнадзор” ушбу янгилик рус тилини билиш даражасини янада аниқроқ баҳолаш ва чет элликлар орасида тилни пухта ўзлаштиришга рағбатни ошириш мақсадида киритилаётганини маълум қилган.

Қўшимча равишда, 2026 йил 1 январдан бошлаб рус тили (чет тили сифатида), Россия тарихи ва қонунчилик асослари бўйича барча имтиҳонлар фақат компьютер технологиялари ва масофавий форматда ўтказилади. Бу ҳақда Россия фан ва олий таълим вазири ўринбосари Константин Могилевский илгари хабар қилган эди.

Янги тизим Россия ҳудудида яшашни режалаштираётганлар учун жиддий синов ва масъулиятли тайёргарликни талаб этади. Мигрантлар энди тилни пухта ўрганишга кўпроқ эътибор қаратишлари ва янги талабларга мослашишлари шарт бўлади. Зеро, имтиҳонлар нафақат билимни, балки келгусида Россияда муваффақиятли интеграциялаш имкониятини ҳам белгиловчи мезонга айланмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда патент олиш учун имтиҳонлар қийинлашади