date

Трамп Россияга қарши санкциялар назоратини ўз қўлига олмоқчи

Трамп Россияга қарши санкциялар назоратини ўз қўлига олмоқчи
Россияга қарши жорий қилинган иқтисодий чекловлар ва уларнинг тақдири халқаро майдонда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Америкалик сиёсатчилар ва Оқ уй ўртасида санкциялар масаласида янги тортишув бошланди, деб хабар берди politico.com.

Маълум бўлишича, АҚШ президенти Дональд Трамп агар унга Россия нефти ва уранини сотиб олувчи давлатлар учун белгиланган божлар ва чекловларни бекор қилиш ҳуқуқи тўлиқ бериладиган бўлса, Москвага қарши санкцияларни қўллаб-қувватлашга рози. Яъни, президент ушбу жараённи шахсан ўз назоратида ушлашни истайди.

Politico нашри маълумотига кўра, янги ташаббус лойиҳаси президентга Россия нефти ва уранини импорт қилувчи мамлакатлардан 500 фоизлик божларни 180 кунга тўхтатиб туриш имконини беради. Шу билан бирга, бу муддатни яна узайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Бироқ кейинчалик барча қарорлар Конгресс назорати остида бўлади. Оқ уй эса бундай чекловларни президент ваколати билан мустақил бошқаришга интилаяпти.

Оқ уйнинг юқори мартабали расмийлари сўзларига кўра, қонун лойиҳасига ушбу чекловлардан озод қилиш бўйича барча ваколатларни президентга берувчи модда киритилиши зарур. Маъмурият ушбу механизм орқали ташқи сиёсатда манёвр қилиш имкониятини оширишга интилаяпти.

Айтиш жоизки, санкциялар масаласи Америкада сиёсий баҳсларни янада авж олдирмоқда. Айрим қонунчилар Конгресс назоратини кучайтиришга, бошқалар эса маъмуриятга кенгроқ имконият беришга ҳаракат қилмоқда. Бу эса қонун лойиҳаси атрофида жиддий тортишувларга сабаб бўлмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, агар президент ушбу ваколатни қўлга киритса, санкцияларнинг тақдири кўпроқ ижро ҳокимиятига боғлиқ бўлади. Бироқ, бу орқали ташқи сиёсатда кескин ўзгаришлар рўй бериши ҳам мумкин.

Воқеалар ривожи қандай бўлиши ҳозирча ноаниқ. Аммо бир нарса равшан: санкцияларнинг бекор қилиниши ёки сақлаб қолиниши АҚШнинг ташқи сиёсатида муҳим рол ўйнайди ва халқаро муносабатларга сезиларли таъсир кўрсатади. Барча диққат энди қонун лойиҳаси ва президентнинг кейинги қадамларига қаратилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп Россияга қарши санкциялар назоратини ўз қўлига олмоқчи