Исроил армияси Ғазо секторининг айрим ҳудудларида ҳарбий операцияларни ҳар куни маълум соатлар оралиғида вақтинча тўхтатишини маълум қилди. Бу қарор халқаро босим ва Ғазодаги кескинлашaётган очарчилик инқирози фонида қабул қилинди.
Расмий баёнотга кўра, ҳарбий ҳаракатлар ҳар куни соат 10:00 дан 20:00 гача Ал-Мавоси, Дейр ал-Балах ва Ғазо шаҳри ҳудудларида тўхтатилади.
Шунингдек, армиянинг таъкидлашича, гуманитар ёрдам ташувчи конвойлар учун хавфсиз йўналишлар ҳар куни соат 6:00 дан 23:00 гача доимий равишда очиқ бўлади. Ушбу йўналишлар орқали озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур ёрдам воситалари етказилиши режалаштирилмоқда.
Миср давлатига алоқадор "Al-Qahira News" телеканали хабарига кўра, Мисрдан Ғазога ёрдам ортилган карвонлар ҳаракатлана бошлаган. Шунингдек, Исроил бир неча соат олдин ҳаво орқали ҳам ёрдам ташлашни бошлаганини билдирган.
БМТ пайшанба куни берган баёнотида инсонпарварлик ёрдам кўламини ошириш имконини беришини таъкидлаган, бироқ Исроил томонидан конвойлар учун етарли альтернатив йўналишлар тақдим этилмагани ёрдам кўрсатишга тўсқинлик қилаётганини билдирган эди.
Ғазодаги инсонпарварлик инқирози бўйича халқаро хавотирлар кучаймоқда. Шу билан бирга, жума куни Исроил ва АҚШ томонидан Ҳамас билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар тўхтатилгани эълон қилинди. Уларнинг фикрича, Ҳамас сулҳга эришишни истамаяпти.
Сўнгги ҳафталарда Ғазо секторида миллионлаб одамлар очлик ёқасига келиб қолган. Инсонпарварлик ташкилотлари маълумотига кўра, аҳоли сони 2,2 миллион бўлган Ғазода озиқ-овқат захиралари тугаган. Исроил март ойида ҳудудга барча таъминотни тўхтатган, май ойида эса ёрдамни чекловлар билан тиклаган.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, уруш бошланганидан буён камида 127 киши — уларнинг 85 нафари болалар — очликдан вафот этган.
Исроил ҳукумати эса Ғазода очарчилик йўқлигини таъкидлаб, ёрдам таъминотини тўхтатиш қарорини Ҳамас томонидан ушлаб турилган ўнлаб гаровдагиларни озод қилишга мажбур қилиш чораси сифатида изоҳламоқда. Улар май ойида ёрдам киришига рухсат берганини, лекин БМТ уни етарли даражада тарқата олмаётганини билдирган. БМТ эса фаолиятини Исроил чекловлари остида имкон қадар самарали тарзда давом эттираётганини айтган.
Уруш 2023 йил 7 октябр куни бошланган. Ўшанда Ҳамас жангчилари Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1 200 дан ортиқ тинч фуқарони ўлдирган ва 251 кишини гаровга олган эди. Шундан сўнг Исроил томонидан бошланган ҳарбий амалийотлар натижасида деярли бутун Ғазо инфратузилмаси вайрон қилинди. Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, урушдан ҳозиргача 60 мингга яқин киши ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!