Исроил армияси Ғазо шаҳридан аҳолининг чиқиб кетиши “муқаррар” эканини билдирди. Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, шаҳарни эгаллашга тайёргарлик кўрилмоқда. Жанубга кўчган оилаларга гуманитар ёрдам берилиши айтилди.
Сўнгги кечаларда Исроил танклари Ғазонинг янги ҳудудларига кириб, уйларни вайрон қилгани ҳақида гувоҳлар хабар бермоқда. Одамлар яна оммавий равишда уйлари ва маҳаллаларини тарк этишга мажбур бўлди.
БМТ ва халқаро ташкилотлар бу ҳужумнинг оғир гуманитар оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда. Шаҳарда ҳали ҳам бир миллионга яқин одам яшаётгани айтилмоқда.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху Ғазо секторини тўлиқ эгаллаш ниятида эканини маълум қилган. Аммо мамлакат ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам унга босим кучаймоқда.
Ҳамас назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 7-октябрдан бери Ғазода 62 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Ҳудуддаги уйларнинг катта қисми вайрон бўлган, аҳоли эса очарчилик ва оғир шароитларда яшамоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!