date

Эпштейн иши бўйича 33 минг ҳужжат ошкор қилинди

Эпштейн иши бўйича 33 минг ҳужжат ошкор қилинди

АҚШ Конгрессида яна катта шов-шувли воқеа қайд этилди. Вакиллар палатасининг Назорат ва ҳукумат ислоҳоти қўмитаси америкалик молиячи Жеффри Эпштейн иши бўйича 33 мингдан ортиқ ҳужжатни ошкор қилди. У болаларга нисбатан зўравонлик ва жинсий эксплуатацияда айбланаётган эди.

Маълумотларга кўра, мазкур материаллар август ойида АҚШ Адлия вазирлигидан олинган. Бироқ ҳужжатларни эълон қилиш жараёнида қурбонларнинг шахсий ҳаёти ва хавфсизлигига зарар етмаслиги учун айрим маълумотлар махфий ҳолда қолдирилди.

Қўмита раиси, Кентуккидан сайланган республикачи Жеймс Комер ўз баёнотида:
— Биз барча саволларга жавоб топиш учун ҳаракат қиламиз ва буни имкон қадар тез амалга оширишга интилмоқдамиз, — деди.

Эслатиб ўтамиз, Жеффри Эпштейн 2019 йил 6 июлда Нью-Йорк ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Прокуратура маълумотларига кўра, у 2002–2005 йиллар оралиғида ўзининг Манхеттендаги уйига ўнлаб вояга етмаган қизларни жалб қилган. Улар орасида энг кичиги бор-йўғи 14 ёшда бўлган.

Тергов жараёнида аниқланишича, Эпштейн нафақат АҚШда, балки жаҳоннинг кўплаб давлатларидаги нуфузли шахслар билан яқин алоқада бўлган. Унинг дўстлари ва танишлари орасида собиқ давлат раҳбарлари, йирик бизнесменлар, сиёсатчилар ва шоу-бизнес юлдузлари ҳам бор эди.

Бироқ молиячига қарши иш охирига етмади. 2019 йил 10 августда у қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилди, деган расмий маълумот тарқатилди. Шу орқали унга нисбатан жиноий таъқиблар тўхтатилди.

Жамоатчилик ва журналистлар бу иш атрофидаги кўплаб саволлар очиқ қолганини таъкидлашмоқда. Хусусан, у билан боғлиқ нуфузли шахслар исми, айрим махфий маълумотлар ва унинг сирли ўлими ҳануз кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эпштейн иши бўйича 33 минг ҳужжат ошкор қилинди