Тожикистон парламенти қуйи палатаси вакили Дилноза Аҳмадзода болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши масаласига алоҳида эътибор қаратди ва уларга чеклов ўрнатиш таклифини илгари сурди.
Депутатнинг ташаббусига кўра:
— 14 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тўлиқ ман этилади;
— 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирлар эса фақат ота-онасининг ёзма розилиги орқали кириш имкониятига эга бўлади.
Аҳмадзода ўз таклифини “Халқ газетаси”да чоп этилган мақоласида баён қилди. Унинг фикрича, интернет ва ижтимоий тармоқлардан чекланмаган ҳолда фойдаланиш болаларнинг руҳий ва маънавий ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бироқ мутахассислар бу масалада эҳтиёткорлик зарурлигини таъкидлашмоқда. Уларга кўра, тўлиқ тақиқ амалда самара бермайди ва мавжуд муаммоларни тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди. Шунинг учун ёшларни рақамли гигиена қоидаларига ўргатиш, танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ва маърифий ишларни кучайтириш муҳим ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!