Полшалик машҳур алпинист Анжей Баргиел тарихда илк бор Эверест чўққисига ҳеч қандай қўшимча кислородсиз кўтарилиб, чанғида пастга тушишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.
“Чўққига чиқиш ўзи ҳам ниҳоятда мушкул бўлди. Мен илгари бундай баландликда бунчалик узоқ вақт қолмаганман”, — дейди Баргиел. “Қўшимча кислородсиз Эверестдан чанғида тушиш орзуси йиллар давомида менда пишиб келганди”.
Алпинистга 8000 метр баландликдан юқорида жойлашган “ўлим зонаси”ни босиб ўтиш учун қарийб 16 соат керак бўлди. Бу ҳудудда ҳаво шу қадар сийракки, одамлар денгиз сатҳидагига нисбатан атиги учдан бир қисм кислород олади. Натижада мия зарарланиши, ўпкага суюқлик йиғилиши ёки ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Баргиел аввал 2019 ва 2022 йилларда Эверестни забт этишга уриниб кўрган, бироқ муваффақиятсиз тугаган. Шунингдек, у 2018 йилда дунёдаги иккинчи энг баланд тоғ — Покистондаги К2 чўққисидан чанғида тушган биринчи одам сифатида ҳам тарихга кирган эди.
Ҳимолай маълумотлар базасига кўра, шу пайтгача 6000 дан ортиқ одам дунёнинг энг баланд чўққисига чиққан. Шулардан атиги 200 га яқин киши қўшимча кислородсиз юксалишга эришган. Айримлар чанғида учишга ҳаракат қилган, бироқ бундай юксак баландликда кислородсиз тўлиқ тушиш ҳеч кимга насиб этмаган эди. Баргиел эса бунинг уддасидан чиқди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!