date

NASA 2035 йилга қадар Ойда инсонлар қишлоғини қурмоқчи

NASA 2035 йилга қадар Ойда инсонлар қишлоғини қурмоқчи

АҚШнинг космик тадқиқот агентлиги — NASA яқин ўн йилликлар ичида инсоният учун янги тарихий босқични амалга ошириш ниятида. Агентлик 2035 йилгача Ой юзасида одамлар узлуксиз яшай оладиган қишлоқ қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда агентлик раҳбари вазифасини бажараётган Шон Даффи Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтказилган Халқаро астронавтика конгрессида маълум қилди.

Даффининг таъкидлашича, бу лойиҳа фақат илмий миссия билан чекланмайди. Ойда нафақат тадқиқот маркази, балки барқарор яшашга мўлжалланган замонавий инфратузилма ҳам ташкил этилади. Янги қишлоқ ядро энергияси билан таъминланиши, мунтазам равишда астронавтлар жойлашиши ва энг муҳими, қурилишда Ой юзасидан олинган маҳаллий материаллардан кенг фойдаланилиши кўзда тутилмоқда.

NASAнинг режасига кўра, 2026 йил февралда «Артемида II» дастури доирасида 50 йил ичида илк бор тўрт нафар астронавт Ойга йўл олади. Бу парвозда қўниш амалга оширилмаса-да, асосий вазифа кейинги қадамлар учун тайёргарликни таъминлаш ва Ойда узоқ муддатли яшаш имкониятларини ўрганиш ҳисобланади.

Мутахассислар фикрига кўра, Ойда доимий қишлоқ қурилиши Марсга қадам ташлашда муҳим пойдевор вазифасини бажаради. Чунки Ойда яратиладиган инфратузилма инсониятнинг космосда узоқ муддат яшаш қобилиятини синовдан ўтказиш имконини беради.

NASA вакиллари бу ғояни орзу эмас, балки амалга ошириладиган аниқ режа сифатида баҳоламоқда. Чунки бу ташаббус инсон цивилизациясини ер орбитасидан ташқарида ҳам ривожлантиришга йўналтирилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » NASA 2035 йилга қадар Ойда инсонлар қишлоғини қурмоқчи