“80 йил, 80 баҳор, 80 ёз”: Саидкомил Умаров узоқ умр кўриш сирини айтди (видео)

Ўзбекистон халқ артисти Саидкомил Умаров “Омон-Омон” кўрсатувида 80 ёшни қарши олиш арафасида узоқ умр кўриш сири ҳақида гапирди.
Актёрга “Сиз бу йил 80 ёшни қарши оласиз. Саксон йил, саксон баҳор, саксон ёзни кўрган инсонсиз. Бунинг сирини очамизми?” дея савол берилди.
“Сири шундаки, агар оилангизда севимли бўлсангиз, оила аъзоларингиз сизга эътибор берса, фарзандларингиз, невараларингиз, қариндош-уруғларингиз, жиянларингиз ва қолаверса, юрт сизни эъзозласа, қаришга йўл бўлсин. Инсон яшаришга ҳаракат қилади, табиатнинг ўзи ҳам инсонни ёшартира бошлайди. 'Кексалик муҳаббатдан сақлаб қололмайди, лекин муҳаббат инсонни кексаликдан сақлайди', деган гап бор”, — деди санъаткор.
Бошловчилардан бири актёрнинг сўзларига қизиқиб, “Қандай қизиқ гап. Демак, бунга сабаб муҳаббат. Муҳаббатга тўлиб яшайсиз”, дея таъкидлади.
“Албатта, муҳаббат. Инсоннинг инсонга бўлган муносабати, биринчи галда, жуда ҳам зарур нарса. Кўчага чиқдингми, табассум қил. Нима учун қовоқ соласан? Сендан биров қарздорми ёки сен ундан қарздормисан? Яхши салом-алик қилиб, дийдорлашиб, ҳол-аҳвол сўрашга нима етсин”, — дея қўшимча қилди Саидкомил Умаров.
Актёрнинг фикрича, инсоннинг атрофдагиларга бўлган муносабати, меҳр ва эътибор ҳаётга бўлган қарашида муҳим ўрин тутади.






























Изоҳлар 0
…