Бангладеш ҳукумати миллий балиқ — ҳилсани ноқонуний овдан асраш мақсадида ҳарбий кемалар ва патрул вертолётларни жалб этди. Бу ҳақда Мудофаа кучлари маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ҳилса ҳар йили тухум қўйиш учун Бенгал қўлтиғидан дарёларга ҳаракатланади. Шу сабабли, расмийлар 4 октябрдан 25 октябргача балиқ овлашга 3 ҳафталик тақиқ жорий этган. Бу даврда 17 та ҳарбий кема ва патрул самолётлар суткалик назорат олиб бормоқда.
Ҳилса — Бангладешда нафақат севимли таом, балки миллионлаб одамларнинг асосий даромад манбаи. Дакка бозорларида бу балиқнинг бир килограмми 2 200 такага (18,4 доллар) сотилади. Мутахассислар фикрича, иқлим ўзгариши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши балиқ сонига таъсир кўрсатмоқда.
WorldFish ташкилоти мутахассиси Абдул Ваҳобнинг сўзларига кўра, ҳарбий кемалар ўрнига дронлардан фойдаланиш самаралироқ бўларди. Ҳукумат тақиқ даврида ҳар бир балиқчи оиласига 25 кг гуруч тарқатган, аммо балиқчилар бу ёрдамни етарли деб ҳисобламаяпти.