Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши етказиб бериш соҳасида фаолият юритаётган мусулмон ходимлар учун янги фатво қабул қилди. Унга кўра, Ислом талабларига зид бўлган маҳсулотларни ташиш ва етказиб бериш ман этилди. Бу ҳақда бошқарманинг расмий матбуот хизмати хабар берди.
Фатвода айтилишича, мусулмон курьерларга спиртли ичимликлар, чўчқа гўшти, шариат қоидаларига мувофиқ сўйилмаган ҳайвонлар гўшти, бутлар, қимор ўйинлари билан боғлиқ буюмлар ҳамда бошқа ҳаром маҳсулотларни етказиб бериш тақиқланади. Бу қарор Ислом шариати қоидаларига мос равишда мусулмонларнинг меҳнат фаолиятида ҳалолликни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Шу билан бирга, янги тартибда айтилишича, агар бундай товарлар йўқ қилиш учун ташилаётган бўлса ёки курьер юк ичида нималар борлигини билмаган ҳолда етказиб берган бўлса, бу ҳолат гуноҳ ҳисобланмайди.
Етказиб беришга рухсат этилган маҳсулотлар рўйхати ҳам аниқ белгиланган. Унга кўра, ҳалол усулда сўйилган ҳайвон гўшти, дон маҳсулотлари, сут, сариёғ, мевалар, сабзавотлар, кийим-кечак, маиший техника, қурилиш буюмлари, мебель, китоблар, дори-дармонлар ва тиббий асбоблар курьерлар томонидан етказилиши мумкин.
Агар буюртма ичида ҳалол ва ҳаром маҳсулот аралаш ҳолда бўлса, курьерга даромаднинг маълум қисмини садақа сифатида хайрия қилиш тавсия этилган.
“Агар курьер буюртма таркибини аниқ билмаса, бу фаолият шариатга зид деб ҳисобланмайди. Аммо агар у тақиқланган маҳсулотни билиб етказса, бу Ислом қоидаларига хилоф бўлади”, — дейилади бошқарма баёнотида.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!