Саудия Арабистони ҳукумати Умра зиёратига оид муҳим янгиликни маълум қилди — эндиликда мамлакатга кириш учун берилган барча турдаги визалар эгалари муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларида Умра ибодатини адо этишлари мумкин. Бу ҳақда Саудия ахборот агентлиги “Ҳаж ва Умра” вазирлиги маълумотига таянади.
Янги қарорга кўра, туристик, хизмат, меҳнат, оилавий, шахсий ва ҳатто транзит (stopover) визалари билан кирган фуқаролар ҳам Умра амалларини бажариш ҳуқуқига эга бўлади. Энди улар Саудияга кириш пайтиданоқ зиёратни амалга ошириш имкониятига ега бўладилар.
Бу ислоҳотлар Саудия ҳукумати томонидан охирги йилларда зиёратчилар учун яратилаётган қулайликлар тизимининг давомидир. Мамлакат “Nusuk Umrah” деб номланган замонавий рақамли платформани ишга туширган бўлиб, у орқали зиёратчилар меҳмонхона, транспорт ҳамда зиёрат хизматларини онлайн тарзда буюртма қилиши мумкин.
Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, мазкур ташаббус нафақат диний зиёратларни енгиллаштириш, балки мамлакатга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини оширишга ҳам қаратилган. Бу эса Саудиянинг “Vision 2030” дастурида белгиланган туризм ва диний соҳаларни ривожлантириш йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, янги тартибга кўра, Умра амалларини бажаришни хоҳлаган ҳар бир зиёратчи “Nusuk” платформаси ёки расмий туроператор орқали олдиндан рўйхатдан ўтиши шарт бўлади.