Россиянинг Архангельск шаҳрида 22 ёшли ўзбекистонлик йигит қурилиш ишлари вақтида бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, фожеа жорий йилнинг 1 октябрь куни содир бўлган. Сурхондарё вилоятида туғилган 2003 йилги фуқаро Н.С. “Корица” тураржой мажмуасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари чоғида баландликдан — бинонинг 5-қаватидан пастга тушиб кетган. Оғир жароҳатлар натижасида у воқеа жойида вафот этган.
Бу ҳақда “Бош консулхона Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Архангельск вилоятидаги ваколатхонасига расмий нота юборди”, деб хабар берди дипломатик ваколатхона. Воқеа юзасидан ҳозирда тегишли органлар томонидан ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, ҳодиса бўйича Архангельск шаҳри Соломбал округи тергов бўлими Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 216-моддаси 2-қисми асосида — қурилиш ва бошқа иш жараёнларида хавфсизлик қоидаларини бузиш билан боғлиқ модда бўйича жиноят ишини қўзғатган. Тергов ишлари ҳозирда фаол давом эттирилмоқда.
Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси мазкур ҳолатни ўз назоратига олганини, марҳумнинг яқинларига зарур консуллик ёрдами кўрсатилаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам шунга ўхшаш фожеа қайд этилган эди — 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси Санкт-Петербург шаҳрида Россия Федерацияси Олий суди ва суд департаменти қурилиш майдонида бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Меҳнат муҳоҷирлари билан боғлиқ бу каби ҳолатлар яна бир бор чет элда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Ташқи меҳнат фаолиятида иш берувчилар ва масъул ташкилотлар томонидан ишчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш муҳим вазифа эканлиги яна бир бор ёдга солинди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!