date

Хитойда харидор тасодифан iPhone 17 ни бузиб, жаримага тортилди

Хитойда харидор тасодифан iPhone 17 ни бузиб, жаримага тортилди

Хитойдаги чакана савдо дўконида ноодатий воқеа содир бўлди — харидор тасодифан iPhone 17 Pro смартфонини тушириб юборди ва унинг корпусига етказилган майда шикаст учун жарима тўлашга мажбур бўлди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Маълумотларга кўра, эркак қурилмани кўриб чиққандан сўнг уни демонстрация стендига қайта жойлаштирмоқчи бўлган. Бироқ у беихтиёр телефонни қўлидан тушириб юборган. Тахминан 5 сантиметр баландликдан стол устига тушган смартфоннинг корпусида кичик чуқурча пайдо бўлган.

Шу сабабли, дўкон маъмурияти харидордан 200 юан (тахминан 28 доллар) миқдорида компенсация тўлашни сўраган. Бу ҳолат интернетда тез тарқалди ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Энг қизиғи, бу воқеа Apple Store’да эмас, балки оддий чакана савдо нуқтасида бўлган. Apple очкўзликда айбланади, лекин бу даражада эмас. Аммо бундай ҳодисалар дўконнинг обрўсига таъсир қилиши мумкин”, — дейди блогер Романсев.

Маълумки, Apple компанияси жорий йил 9 сентябрь куни ўзининг янги авлоди — iPhone 17, iPhone Air ҳамда iPhone 17 Pro ва Pro Max моделларини тақдим этган эди.

iPhone 17 Pro ва Pro Max бу йил янгича корпус билан ишлаб чиқарилди — илгари қўлланилган титан ўрнига алюминий асосли яхлит металл конструкция қўлланилган. Аммо бу материал ўзини камроқ бардошли деб намоён қилди: у тирналиш ва майда деформацияларга тезроқ мойил экани маълум бўлди.

Айни шу сабабли, дастлабки харидорлар смартфонни ғилофсиз ишлатганда корпусда пайдо бўлаётган майда излар ва чуқурчалардан шикоят қилмоқда.

Бундан аввал машҳур техноблогер ҳам iPhone Air моделининг мустаҳкамлигини синовдан ўтказиб, унинг жуда нозик эканини таъкидлаган эди. Корпус қалинлиги атиги 5,6 миллиметр бўлган бу гаджет дунёдаги энг енгил ва юпқа смартфонлардан бири сифатида баҳоланган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда харидор тасодифан iPhone 17 ни бузиб, жаримага тортилди