date

Хитой олимлари илк бор чўчқа жигарини инсонга кўчирди

Хитой олимлари илк бор чўчқа жигарини инсонга кўчирди

Хитой тиббиёти дунё миқёсида янги ва тарихий қадам ташлади. Шенси провинциясида жойлашган Хижинг касалхонаси шифокорлари тиббиёт тарихида илк бор генетик жиҳатдан ўзгартирилган чўчқа жигарини инсон организмига муваффақиятли равишда кўчириб ўтказишди. Бу ҳақда China Daily ва Global Times нашрлари маълум қилди.

Маълумотларга кўра, операция клиник жиҳатдан ўлик деб ҳисобланган беморда ўтказилган. Тиббий жамоа беморнинг ўз жигарини олиб ташлаб, унинг ўрнига генетик модификация қилинган чўчқа жигарини жойлаштирган.

Олимлар таъкидлашича, бу орган инсон қони билан тўлиқ таъминланган, сафро ишлаб чиқара бошлаган ва ўзининг физиологик функцияларини муваффақиятли бажарган. Энг муҳим жиҳати — беморнинг иммун тизими чўчқа органига нисбатан рад жавобини (ҳиперакут реакцияни) намоён этмагани. Бу тиббий тарихда камдан-кам кузатиладиган ҳолат ҳисобланади.

Операция давомида барча ҳаётий кўрсаткичлар — қон айланиши, жигарнинг фаолияти ва моддалар алмашинуви — барқарор бўлган. Жараёндан кейинги 10 кун давомида бемор махсус тиббий кузатув остида сақланган ва барча натижалар тиббий комиссия томонидан ҳужжатлаштирилган.

Экспертларнинг фикрича, бу амалиёт хенотрансплантация (яъни ҳайвон органларини инсон танасига кўчириб ўтказиш) соҳасидаги катта ютуқ ҳисобланади. У келгусида инсон органларига бўлган катта эҳтиёжни камайтириши ва жигар етишмовчилиги билан оғриган минглаб беморлар ҳаётини сақлаб қолишда янги имконият яратиши мумкин.

Хитой олимларининг бу тажрибаси нафақат миллий илмий салоҳиятни, балки тиббиёт соҳасидаги янги босқични ҳам намоён этди. Мутахассислар фикрича, ушбу натижа келгусида бошқа ички органлар — буйрак, юрак ёки ўпка каби аъзоларни ҳам ҳайвонлардан инсонга кўчириш имкониятини очиши мумкин.

Шу тариқа, Хижинг касалхонасида амалга оширилган ушбу операция тиббиёт тарихида янги саҳифа очди ва инсон ҳаётини сақлаб қолиш йўлидаги илмий изланишлар учун катта умид уйғотди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой олимлари илк бор чўчқа жигарини инсонга кўчирди