date

АҚШ Мексика билан чегарада “ақлли девор” қурмоқда

АҚШ Мексика билан чегарада “ақлли девор” қурмоқда

Америка Қўшма Штатлари Мексика билан чегара бўйлаб замонавий “ақлли девор” қуриш лойиҳасини бошлади. Nеwsmax телеканали хабар беришича, Дональд Трамп маъмурияти бу мақсадда 4,5 миллиард доллар ажратиб, қурилиш ишлари учун ўнта шартнома имзолаган.

Маълумотларга кўра, 15–30 сентябрь оралиғида тузилган келишувлар “One Big Beautiful Bill” қонуни доирасида амалга оширилмоқда. Унга мувофиқ, 370 километрлик девор ва 640 километр технологик инфратузилма қурилиши режалаштирилган.

“Smart Wall” тизими анъанавий тўсиқлардан фарқли равишда пўлат конструкциялар, патрул йўллари, ёритиш ускуналари, камералар ва сенсорлар билан жиҳозланади. Бу технология чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатларини реал вақтда кузатиш имконини беради.

Божхона ва чегара назорати хизмати баёнотида таъкидланишича, бу лойиҳа Трамп маъмуриятининг чегара хавфсизлигини кучайтириш бўйича берган ваъдаларини амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Трамп ўз инаугурациясидаёқ АҚШга ноқонуний киришни тўхтатиш ва муҳожирлар оқимини чеклаш ниятида эканини билдирган ҳамда жанубий чегарада фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

Мутахассислар фикрича, янги “ақлли девор” физик тўсиқ билан рақамли назоратни уйғунлаштириб, миграция ва контрабанда ҳолатларини сезиларли даражада камайтиради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Мексика билан чегарада “ақлли девор” қурмоқда