Норвегияда қамоқхоналар тизими жиддий инқирозга юз тутди — мамлакат бўйлаб жазо муассасаларида бўш жой қолмаган. TV2 телеканали хабар беришича, ҳозирда 560 нафар маҳбус учун жой етишмаяпти.
Бу ҳолатга бир нечта омиллар сабаб бўлган. Жумладан, Осло, Сарпсборг ва Драммен шаҳарларидаги учта қамоқхона ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермагани учун ёпилган. Шунингдек, ахлоқ тузатиш муассасаларида кадрлар етишмовчилиги ҳам кучайган — айрим ходимлар бошқа давлат идораларига ўтган, бошқалар эса паст маош ва оғир меҳнат шароити сабаб ишни тарк этган.
Расмийлар муаммони енгиллаштириш учун бир қатор чораларни кўриб чиқмоқда. Улар орасида камераларга икки маҳбусни жойлаштириш ҳамда айрим ҳуқуқбузарларни муддатидан олдин озод қилиш имкониятини кенгайтириш каби вариантлар бор.
Маҳаллий экспертлар бу қарорлар жазо тизимининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шу билан бирга, ҳукумат муаммони ҳал этиш учун янги қамоқхоналар қуриш ёки вақтинчалик муассасалар ташкил этиш режаларини ҳам ўрганмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!