Италияда бутун мамлакатни ҳайратга солган ҳолат фош этилди. Виченса шаҳрида яшовчи 70 ёшли эркак қарийб 50 йил давомида ўзини кўр деб кўрсатиб, давлатдан ноқонуний равишда нафақа олиб келган, деб хабар берди ANSA агентлиги.
Маълумотларга кўра, у 1972 йилдан буён “кўрлар рўйхати”да туриб, пенсия ва ижтимоий ёрдамлар орқали бир миллион евро́дан зиёд маблағни қўлга киритган. Бу ҳолат Молиявий гвардия томонидан олиб борилган махсус текширувлар давомида аниқланган.
Кузатув жараёнида эркакнинг кундалик ҳаётида ўзини тўлиқ соғлом инсондек тутаётгани қайд этилган. У бозорларда маҳсулотларни танлаб, нақд пул билан тўлов қилган, йўлда мустақил ҳаракатланган ва ҳатто боғда ўткир асбоблар билан ишлагани видеога туширилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳаракатлар тўлиқ кўр одам учун имконсиз эканини таъкидлади. Терговчиларнинг фикрича, эркак ярим аср давомида тиббий ҳужжатларни сохталаштириш ва қайта текширувлардан четда қолиш орқали давлатни алдаб келган.
Айни пайтда унга нисбатан молиявий фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов унинг қандай қилиб шунчалик узоқ йиллар назоратдан четда қолганини ва кимлар ёрдам берганини ўрганмоқда.
Италия оммавий ахборот воситалари бу воқеани “асрнинг энг узоқ давом этган ижтимоий фирибгари” деб атади. Мутахассислар эса бу ҳолат ижтимоий нафақа тизимидаги назорат механизмларини кучайтириш заруратини яна бир бор кўрсатди, дейишмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!