Қирғизистон пойтахти Бишкекда хавфсизлик хизматлари томонидан теракт содир этиш билан таҳдид қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) 18-октябрь куни маълум қилди,.
Маълумотларга кўра, ушбу ҳолат “Бишкек дахшати” номли Telegram канали орқали тарқатилган хабарлар ортидан аниқланган. Тергов давомида Украина фуқароси Я. Овсюк мазкур канални яратгани ва кейинроқ унинг номини “AVERSION” деб ўзгартиргани маълум бўлди. У канал орқали шаҳар мактаблари ҳамда йирик савдо марказларида теракт амалга оширилиши ҳақидаги ёлғон маълумотларни тарқатган.
МХДҚ хабарига кўра, “аяна” номли фойдаланувчи аудиохабар орқали “GUM”, “SUM”, “Bishkek Park”, “Dordoy Plaza”, “Azia Mall” ва “Tommi Mall” савдо мажмуаларини портлатиш нияти борлигини айтган. Бу ёлғон таҳдидлар аҳоли орасида саросима ва қўрқув уйғотган, айрим жамоат жойларида фаолият вақтинча тўхтатилган.
Қирғизистон махсус хизматлари томонидан олиб борилган тезкор чоралар натижасида жиноят иши доирасида Қирғизистон фуқароси Г.А. ҳибсга олинган. У террорчилик ҳаракати билан таҳдид қилиш (Жиноят кодексининг 252-моддаси, 1-қисми) бўйича гумонланувчи сифатида вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда ҳодисанинг барча тафсилотлари бўйича тергов ишлари давом этмоқда. Тергов жараёнида ёлғон хабарларни тарқатиш ортидаги эҳтимолий сабаблар ва бошқа шахсларнинг иштироки ҳам ўрганилмоқда.
МХДҚ жамоатчиликка мурожаат қилиб, шундай турдаги провокацияларга ишонмаслик, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик ва ҳар қандай шубҳали ҳолатлар ҳақида расмий органларга мурожаат қилишни тавсия этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!