
АҚШ Миллий стандартлар ва технологиялар институти (NIST) физиклари Марсда вақт Ердагига нисбатан қандай фарқ қилишини аниқлаб, бу ҳақда The Astronomical Journal нашрида маълумот берди.
Маълум бўлишича, “Қизил сайёра”да вақт тезлиги йил давомида доимий равишда ўзгариб туради. Марсда бир кун Ердагидан 40 дақиқа узоқ, йил эса қарийб икки баробар узун. Бу фактлар илгари ҳам фан олдида маълум эди, аммо олимларни сайёрада секунднинг аниқ тезлиги кўпроқ қизиқтирди.
Ҳисоб-китобларга кўра, Марсдаги соат Ердагидан кунига тахминан 477 микросекунд тезроқ юради. Шу билан бирга, сайёранинг эллиптик орбитаси ва Қуёшнинг гравитацион таъсири туфайли бу кўрсаткич йилига 226 микросекундга ўзгариши мумкин.
Физик Бижунат Патлана таъкидлашича, Марсда вақт қандай кечишини тушуниш келгуси тадқиқот миссиялари учун муҳим аҳамиятга эга. Бу маълумотлар навигацияни ва алоқани синхронлашда қўл келади, шунингдек, келгусида Қуёш тизимидаги бошқа сайёралар учун ҳам GPS-типи тизимларни яратиш имконини беради.
Ҳозирда Ер ва Марс ўртасидаги сигнал алоқа вақти 4–24 дақиқа орасида ўзгариб туради. Вақтнинг аниқ синхронланиши сайёралар ўртасида маълумотларни йўқотмасдан деярли реал вақт тартибида мулоқот қилишни таъминлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.