date

Трампга кутилмаган зарба: Дания Гренландия учун "жанг" эълон қилди

Трампга кутилмаган зарба: Дания Гренландия учун "жанг" эълон қилди

Дания ташқи ишлар вазири Ларс Локке Расмуссен АҚШ президенти Доналд Трампни Гренландия масаласида қатъий позициядан қайтишга чақирди. Унинг таъкидлашича, оролга нисбатан ҳар қандай босим ёки куч ишлатиш уриниши Дания қироллигига қарши қилинган ҳужум сифатида баҳоланади. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар тарқатди.

Расмуссеннинг сўзларига кўра, Дания ҳукумати АҚШ томонидан Гренландияни топшириш ёки уни назорат қилишга қаратилган талабларга ҳеч қачон бўйсунмайди. Шу муносабат билан у Трамп маъмуриятининг позициясини расман тушунтириш учун АҚШнинг Даниядаги элчисини ТИВга чақирган.

«Қиролликнинг ҳар қандай қисмига қилинган тажовуз бутун қиролликка қарши ҳужум ҳисобланади», — деди вазир маҳаллий TV2 телеканалига берган интервьюсида. У шунингдек, Гренландия ҳудуди НАТО хавфсизлик тизими доирасида ҳимоя остида эканини алоҳида урғулади.

Гренландия ҳукумати ҳам ушбу масалада ўз позициясини очиқ билдирди. Орол бош вазири Йенс-Фредерик Нилсен АҚШга Гренландияни бериш ҳақидаги ҳар қандай эҳтимолни қатъиян рад этди.

«Гренландия гренландияликларга тегишли. Оролнинг ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши шарт», — деб ёзди у ўзининг Facebook саҳифасида. Нилсен, шунингдек, АҚШ томонидан билдирилаётган даъволар гренландияликлар орасида жиддий хавотир уйғотаётганини ҳам яширмади.

Эслатиб ўтамиз, 22 декабрь куни Доналд Трамп республикачи Луизиана штати губернатори Жефф Ландрини Гренландия бўйича махсус элчи этиб тайинлаганини маълум қилган эди. Ландри бу қарор учун миннатдорлик билдириб, АҚШнинг оролни сотиб олиш нияти борлигини очиқ тасдиқлади.

Кейинроқ Трамп Гренландия АҚШ учун табиий бойликлар эмас, балки миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим эканини айтди. Бироқ бу изоҳлар ҳам Гренландия ва Дания раҳбарларининг муносабатини юмшатмади. Йенс-Фредерик Нилсен АҚШнинг оролни эгаллаш истаги уни чуқур афсусга солаётганини билдириб, халқаро ҳуқуқ ва суверенитет принципларига амал қилишга чақирди.

Ҳозирча масала дипломатик доирада муҳокама қилинмоқда, бироқ Дания томонидан берилган кескин баёнотлар Копенгаген Гренландия масаласида орқага чекинмаслигини яққол кўрсатиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Трампга кутилмаган зарба: Дания Гренландия учун "жанг" эълон қилди