
Россия Мудофаа вазирлиги 30 декабрь куни «Орешник» ракета мажмуаси Беларус ҳудудида жанговар навбатчиликка қўйилганини расман маълум қилди. Вазирликнинг Telegram саҳифасида ушбу қурол тизими акс этган видео ҳам эълон қилинди. Россия ахборот агентликлари РИА “Новости” ва ТАСС маълумотларига кўра, видеолавҳада «Орешник» илк бор очиқ намойиш этилган.
Расмийлар ракета мажмуасининг аниқ жойлашуви ҳақида маълумот бермади. Бироқ илгари бир қатор ҳарбий таҳлилчилар сунъий йўлдош тасвирларига таянилиб, «Орешник» Беларус шарқида жойлашган Кричев шаҳри атрофида бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Мазкур ҳудуд Минскдан тахминан 300 километр, Украина чегарасидан эса 180 километр масофада жойлашган.
Беларус раҳбари Александр Лукашенко 10 декабрь куни Россиядан мамлакат ҳудудига “ўнлаб” тактик ядровий жанговар қисмлар олиб кирилганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, «Орешник» ракеталари совет даврида стратегик ядровий қуроллар жойлаштирилган махсус майдонларга ўрнатилади. Лукашенко Беларусда бундай объектлар тахминан 30 та эканини қайд этган.
Беларус раҳбари бу қарорни тажовуз сифатида эмас, балки минтақада кучайиб бораётган хавф-хатарлар ва замонавий таҳдидларга жавоб чораси сифатида баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин 2024 йил 21 ноябрь куни Украинадаги Днипро шаҳрига ядровий бўлмаган гипертовушли баллистик ракета зарбаси берилганини маълум қилган ва бу амалиётда энг янги ўрта масофали «Орешник» тизими қўлланганини айтган эди. Россия томонига кўра, ушбу ракетанинг учиш масофаси 1000 километрдан 5500 километргача етади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.