
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Хитойнинг China Road компанияси вакилларига давлат тилини ўрганиш зарурлигини қатъий тарзда билдирди. Бу ҳақда у Иссиқкўл вилоятида автомобил йўллари қурилишига бағишланган ишчи йиғилиш чоғида маълум қилди.
Йиғилиш давомида Ташиев Барскоон — Қоракўл автомобиль йўлининг қайси компания томонидан барпо этилаётгани билан қизиқди. China Road компанияси вакили рус тилида жавоб қайтариб, мазкур йўл қурилиши айнан уларнинг зиммасида эканини тасдиқлади.
Шундан сўнг Қамчибек Ташиев Хитой компанияси Қирғизистон ҳудудида қарийб 20 йилдан бери фаолият юритиб келаётган бўлса-да, унинг айрим вакиллари ҳалигача давлат тилини билмаслигини кескин танқид қилди. У чет эллик мутахассислар мамлакатда узоқ йиллар ишлаётган экан, маҳаллий тилга ҳурмат билан ёндашиб, уни ўрганиши шартлигини таъкидлади.
«Нима учун ҳали ҳам қирғиз тилини ўрганмагансизлар? China Road Қирғизистонда 20 йилдан бери ишлайди. Шунча вақт ичида давлат тилини ўрганиб бўлмайдими? Қирғизча гапиришни ўрганинг!» — деди у қатъий оҳангда.
Хитой компанияси вакили эса Ташиевнинг танбеҳини сукут сақлаган ҳолда қабул қилиб, бош ирғаб, унинг талабларига розилигини билдирди.
Шунингдек, йиғилишда 75 километрлик автомобиль йўли қурилиши муддатлари ҳам муҳокама қилинди. Компания вакили амалдаги шартномага кўра, лойиҳа 2028 йил 1 сентябргача якунланиши кераклигини маълум қилди. Бироқ, иш суръатини ошириш орқали йўл қурилишини муддатидан олдин — 2027 йил охиригача тугатишга ҳаракат қилишга ваъда берди.
Мазкур ҳолат Қирғизистон раҳбариятининг давлат тили масаласига ҳамда йирик инфратузилма лойиҳаларида интизом ва масъулиятга жиддий ёндашувини яна бир бор намоён этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.