Кир ювиш машинаси уйни кўпикка тўлдирди (видео)

Бугун эрталаб Россияда жойлашган кўп қаватли турар жой биноларидан бирида ғайриоддий ва кулгили ҳолат юз берди — уйни ҳақиқий кўпикли сув тошқини қоплади.
Маълум қилинишича, бинодаги иккинчи қаватда жойлашган хонадондаги кир ювиш машинаси тўсатдан ишдан чиққан. Натижада у бир неча дақиқа ичида нафақат квартира ичига, балки подездга ҳамда уй олди ҳовлисигача жуда кўп миқдорда кўпик чиқариб юборган.
Ҳодиса шунчалик тез тарқалганки, хавфсизликни таъминлаш мақсадида уйда истиқомат қилувчи барча фуқароларни вақтинча эвакуация қилишга тўғри келган.
Қайд этилишича, воқеа пайтида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Бироқ кўпик ва сув сабаб айрим хонадонлар ҳамда умумий фойдаланиш жойларига зарар етган бўлиши мумкин.
Ғайриоддий ҳолат гувоҳлар томонидан видеога олинган ва ижтимоий тармоқларда қисқа вақт ичида кенг тарқалмоқда.