date

Садир Жапаров Қамчибек Ташиев давлатга қайтмайди деб қатъий айтди

Садир Жапаров Қамчибек Ташиев давлатга қайтмайди деб қатъий айтди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев давлат хизмат лавозимига қайта қайтмайди. Бу ҳақда президент Садир Жапаров маҳаллий «Хабар» миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида очиқ баёнот берди.

Интервюда журналист жамоатчилик орасида фаоллар, айрим сиёсатчилар ва оқсоқоллар томонидан «мамлакат келажаги учун Жапаров–Ташиев тандеми қайта тикланиши керак» деган чақириқлар янграётганини эслатди. Шунингдек, президентнинг ўзи аввалги суҳбатларида Ташиев билан дўстона муносабат сақланиб қолиши мумкинлигини айтганини ҳам ёдга солиб, позиция ўзгарган-ўзгармаганини сўради.

Садир Жапаров бу масалада икки жиҳатни қатъий ажратди: шахсий муносабат бир тараф, давлат лавозими эса бошқа тараф.

Унинг сўзларига кўра, у ҳали ҳам баҳсли масалаларни тинч, зиддиятсиз тарзда ҳал қилишни маъқул кўради ва Ташиев билан дўст бўлиб қолиш нияти бор. Бироқ президент аниқ таъкидлади: Ташиев давлат лавозимида ишламайди.

Жапаров Ташиевга дам олиш, соғлиғига эътибор бериш, хотиржам ҳаёт кечиришни маслаҳат берганини айтди. Шу билан бирга, у атрофида турли «оқсоқоллар» ва «кўксоқоллар» деб аталган кишилар пайдо бўлаётганини тилга олиб, улардан узоқлашиш кераклигини ҳам қўшимча қилди. Президентнинг фикрича, тергов идоралари ҳам барчасини аниқлаб, тартиб ўрнатади.

"Албатта, ҳозир у раҳмат демайди. Хафа бўлади. Аммо йиллар ўтиб „Дўстим, ўшанда тўғри қилган экансан“ дейди ва миннатдорчилик билдиради», – дейди Жапаров.

Жапаров шу кунларда Ташиевни қабул қилганини ҳам маълум қилди. Унинг айтишича, Ташиев «муддатидан олдинги сайлов» масаласини кўтарган оқсоқоллар билан учрашмаганини билдирган. Президент бундан келиб чиқиб, айрим шахслар ўзларича, яширинча, режа асосида, Ташиевнинг ўзидан ҳам беxабар ҳаракат қилиши мумкин деган хулосага келган. «Ҳаммасини тозалаб, тартибга келтирамиз. Худога шукр, бунга кучимиз етади», деган у.

Суҳбат давомида журналист яна бир хавотирни ўртага ташлади: Ташиев кетганидан кейин уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш сусайиб қолмайдими, жиноятчилик кучайиб кетмайдими?

Президент бу саволга кескин, ишончли оҳангда жавоб берди: мамлакатда ҳозир уюшган жиноий гуруҳлар йўқ, кейин ҳам бўлмайди. У жиноятчилар ҳар жойда борлигини, жиноятнинг ўзи дунёда тўлиқ йўқолмаслигини тан олди, аммо аввалгидек бозорларни назорат қиладиган, ҳатто аёллардан ҳам пул йиғадиган гуруҳлар энди йўқлигини айтди. Уларнинг барчаси ё қамоқда, ё мамлакатдан ташқарида эканини таъкидлади.

Жапаровнинг фикрича, Қирғизистонни 2020 йилгача ва 2020 йилдан кейинги даврга ажратиб қараш керак. Унинг айтишича, 2020 йилдан кейинги ҳокимият криминал билан тил бириктирмайдиган ҳокимият ва шу сабаб уюшган жиноятчилик қайта бош кўтаролмайди.

Коррупцияга келсак, президент бу кураш ҳеч қачон тугамаслигини билдирди. У дунёда коррупцияни таг-томири билан йўқ қилдик, деб айта оладиган давлат йўқлигини, ҳатто «коррупцияси кам» дейиладиган мамлакатларда ҳам бу муаммо маълум улушда сақланишини қайд этди. Шунинг учун «коррупцияни бутунлай йўқ қилдик» деб пиар қилиш тўғри эмас, деди у. Коррупциянинг иқтисодий, сиёсий, уруғ-аймоқчилик ва бошқа кўринишлари бўлишини, ҳукумат эса унинг даражасини пасайтириш учун доимий иш олиб боришини таъкидлади.

Президентнинг айтишича, жиноятчилик билан курашиш нисбатан тез натижа берган, бироқ коррупцияни қисқа вақтда “тўлиқ енгиш” осон эмас. Шунга қарамай, келгуси йилларда уни имкон қадар камайтириш мақсади қўйилган.

Якунда Жапаров ҳуқуқ-тартибот идораларига берган топшириғини ҳам очиқ айтди: жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашда «яшил чироқ» бор, фақат шовқинли “ниқоб-шоу” ва пиарсиз, хотиржам, профессионал тарзда иш олиб бориш керак.

Қисқаси, президентнинг позицияси равшан: дўстлик сақланиши мумкин, лекин давлат лавозимига қайтиш режада йўқ. Ҳозирги асосий йўналиш эса битта — тартибни тизимли сақлаш, жиноятчиликни қайтармаслик ва коррупцияни босқичма-босқич пасайтириш.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Садир Жапаров Қамчибек Ташиев давлатга қайтмайди деб қатъий айтди