Исроилдаги ўзбекистонликлар хавфдан огоҳлантирилди

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мамлакат ҳудудидаги фуқароларга хавфсизлик вазияти янада кескинлашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирув берди.
Ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан эҳтиёткорликни кучайтириш сўралди. Элчихона барча фуқароларни Исроил Фронт орти қўмондонлиги томонидан бериладиган кўрсатмаларга қатъий амал қилишга чақирди.
Хавфсизликни таъминлаш мақсадида қуйидагилар тавсия этилди:
— доим ҳимояланган жойларга яқин ҳудудларда бўлиш;
— ҳаво ҳужуми ҳақида сигнал ёки сирена янграганда зудлик билан ҳимоя жойига кириш;
— Фронт орти қўмондонлиги рухсат бермагунча ҳимоя жойини тарк этмаслик;
— расмий хабарлар ва фавқулодда кўрсатмаларни узлуксиз кузатиб бориш.
Маълум қилинишича, Эрон 7 июнь куни Исроил ҳудудига қарши иккинчи тўлқин ракета зарбаларини амалга оширган. Бу ҳужум 2026 йил апрель ойидаги сулҳдан кейин Эрон томонидан Исроилга қилинган илк тўғридан тўғри ракета зарбаси сифатида қайд этилган. Эрон расмийлари бу ҳужумни Исроилнинг Байрут жанубидаги нишонларга берган зарбасига жавоб сифатида изоҳлаган.
Исроилнинг ракета ҳужумлари ҳақида огоҳлантириш тизими маълумотларига кўра, мамлакат шимолидаги Хайфа шаҳри атрофида ҳаво ҳужуми хавфи сиреналари ишга тушган.
Эрон ҳарбий қўмондонлиги агар Исроил томони жавоб қайтарса, Теҳрон янада кучли ва вайронкор зарбаларга дуч келишидан огоҳлантирган. Орадан кўп ўтмай, Исроил Эроннинг ғарбий ва марказий ҳудудларидаги ҳарбий объектларга жавоб зарбалари берилганини маълум қилган.





























Изоҳлар 0
…