Японияда иккинчи пойтахт ташкил этилиши мумкин: қонун қабул қилинди

Японияда иккинчи пойтахт ташкил этилиши мумкин: қонун қабул қилинди

Японияда келажакда мамлакат учун иккинчи пойтахт ташкил этилиши мумкин. 24 июль куни мамлакат парламенти фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда Токиога захира маъмурий марказ яратишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда Kyodo агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу ташаббус Япония ҳукуматининг мамлакат ғарбида жойлашган Осакани Токио каби йирик мегаполисга айлантириш режаларига қўшимча туртки бериши мумкин. Шу билан бирга, қонун давлат бошқарувини янада самарали ташкил этиш ва ҳокимиятни децентрализация қилишга қаратилган.

Ҳукмрон блок таклиф этган қонун лойиҳаси мухолифат томонидан кескин танқид қилинди. Уларнинг фикрича, ҳужжат асосан Бош вазир Санаэ Такаити бошчилигидаги Либерал-демократик партиянинг коалициядаги ҳамкори — Осакада жойлашган Япония инновациялар партияси манфаатларини кўзлаб тайёрланган.

Қонун қабул қилиниши олдидан парламентда қизғин баҳслар кечди. Мухолифат маҳаллий сайловлар ва референдумларни бир кунда ўтказишни тақиқлашни талаб қилди. Улар бу сайловчиларнинг овоз бериш қарорларига таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.

Бу баҳсларга, хусусан, Осака губернатори Хирофуми Ёсимура келаси баҳорда учинчи референдумни губернаторлик сайловлари билан бир кунда ўтказиш нияти ҳақидаги баёноти ҳам сабаб бўлгани айтилмоқда.

Осакани мегаполисга айлантириш бўйича аввалги икки уриниш — 2015 ва 2020 йиллардаги референдумлар кичик овоз фарқи билан рад этилган эди. Кейинчалик ҳукмрон блок айрим ён беришларга рози бўлгач, мухолифат қонун лойиҳасини овозга қўйишга розилик берди.

Янги қонунга мувофиқ, Бош вазир аҳоли сони ва иқтисодий кўрсаткичлар бўйича белгиланган талабларга жавоб берадиган префектуралар аризалари асосида захира пойтахт мақомини бериши мумкин.

Ҳужжат Либерал-демократик партия, унинг коалициядаги ҳамкорлари ва бир қатор бошқа сиёсий кучлар томонидан қўллаб-қувватланди ҳамда 123 нафар депутатнинг овози билан қабул қилинди, 121 нафар депутат эса унга қарши овоз берди.

Маълумот учун, дунёда икки ёки ундан ортиқ пойтахтга эга давлатлар ҳам мавжуд. Масалан, Нидерландияда Амстердам расмий пойтахт бўлса, парламент ва ҳукумат Гаага шаҳрида жойлашган. Боливияда Сукре расмий пойтахт ҳисобланса, ҳукумат ва парламент Ла-Пасда фаолият юритади. Шунингдек, Чили, Малайзия, Шри-Ланка, Кот-д’Ивуар, Бенин, Эсватини ва Бурунди каби мамлакатларда ҳам давлат бошқаруви бир нечта шаҳар ўртасида тақсимланган.

Дунёда учта расмий пойтахтга эга ягона давлат — Жанубий Африка Республикаси ҳисобланади. Унда Претория ижроия, Кейптаун қонун чиқарувчи, Блумфонтейн эса суд ҳокимияти маркази вазифасини бажаради.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар