Канада конида икки миллиард йиллик сув топилди

Канададаги чуқур конлардан бирида олимлар илм-фан учун улкан аҳамиятга эга бўлган ноёб топилмани аниқлади. Тадқиқотчиларнинг маълум қилишича, Онтарио провинциясида жойлашган Кидд-Крик конидан тахминан икки миллиард йил давомида ташқи муҳитдан ажралган ҳолда сақланиб келган сув намунаси топилган.
Маълумотларга кўра, сув ер қаъридан қарийб уч километр чуқурликдан олиб чиқилган. Илмий таҳлиллар ушбу суюқлик миллиардлаб йиллар мобайнида тоғ жинслари орасида “қамалиб” қолганини ва атмосфера билан ҳеч қандай алоқа қилмаганини кўрсатган.
Мутахассислар сувнинг ёшини аниқлаш учун унинг таркибидаги гелий, неон, аргон ва ксенон каби ацил газларни ўрганган. Айнан шу элементлар олимларга сув қанча вақт ёпиқ муҳитда сақланганини ҳисоблаш имконини берган.
Тадқиқотчиларни ҳайратга солган яна бир жиҳат — сувнинг таркиби жуда шўр экани бўлди. Қайд этилишича, ундаги туз миқдори денгиз сувига нисбатан ўн баравар юқори. Шунингдек, сув ўзига хос аччиқ таъм ва кучли олтингугурт ҳидига эга экани айтилмоқда.
Энг қизиқарлиси, мазкур қадимий сув таркибида ҳаёт белгилари ҳам аниқланган. Олимлар сувда микроорганизмлар мавжудлигини қайд этиб, улар қуёш нурисиз, минераллар ва сув ўртасидаги кимёвий жараёнлар ҳисобига яшаб келган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Мутахассислар ушбу кашфиётни Ер сайёрасининг узоқ ўтмиши ҳақида маълумот берувчи ўзига хос “вақт капсуласи” деб баҳоламоқда. Унинг ўрганилиши ер ости муҳитида ҳаёт қандай шакллангани ва микроорганизмлар миллиардлаб йиллар давомида қандай шароитларда яшаб қолганини тушунишга ёрдам бериши мумкин.






























Изоҳлар 0
…