13 ёшли бола тасодифан фанга номаълум жонзотни топди

13 ёшли Рёя Сугимото Япониянинг Вакаяма префектурасидаги Танабе қўлтиғида фанга номаълум янги жонзот турини топди. У 2018 йилда топган бир нечта намунани уйида парвариш қилиб, уларнинг илгари тасвирланган медузаларга ўхшамаслигини аниқлади. Сугимото медузалар бўйича мутахассис Аллен Коллинзга мурожаат қилганидан сўнг, олимлар жонзотнинг ташқи тузилиши ва генетик хусусиятларини ўрганиб, унга Орчистома интеграле номини берди.
Японияда 13 ёшли Рёя Сугимото денгиз бўйида оддий кузатув вақтида олимларга номаълум бўлган жонзотга дуч келди. У пайтда бола бу кичик жонзот кейинчалик илм-фанда алоҳида янги тур сифатида қайд этилишини билмаган эди.
Ҳодиса 2018 йилда Япониянинг Вакаяма префектурасидаги Танабе қўлтиғида содир бўлган. Денгиз жонзотларига қизиққан Сугимото док яқинида сувда сузиб юрган бир нечта майда медузага ўхшаш организмларни пайқаган. Аммо улар у ўша вақтгача ўқиган китобларидаги медузаларнинг ҳеч бирига ўхшамасди.
Ғалати жонзотни уйига олиб кетди
Сугимото болалигидан медузаларга қизиқарди. У ҳатто кичиклигида кўк тугма медузаси (Porpita porpita) тегиб кетганидан кейин унинг қайси тур эканини мустақил равишда ўргана бошлаган ва маҳаллий кутубхонадаги медузалар ҳақидаги китобларни ўқиб чиққан.
Шу сабабли Танабе қўлтиғида учратган жонзотлар унга жуда ғалати туюлди. У бир нечта намунасини йиғиб, уларни уй шароитида парвариш қилишга қарор қилди.
Жонзотлар катталашган сари уларнинг ташқи кўриниши янада қизиқарли тус олди. Айниқса, уларнинг жинсий аъзолари ўзига хос буралган шаклга эга экани Сугимотонинг эътиборини тортди. У бу организм илмий адабиётларда тасвирланган турлардан фарқ қилиши мумкинлигини тахмин қилди.
У олимга мурожаат қилди
Сугимото ўз кузатувлари билан чекланиб қолмади. У медузалар бўйича мутахассис, АҚШ Миллий океан ва атмосфера бошқармаси (NOAA) Миллий систематика лабораторияси директори Аллен Коллинз билан боғланди.
Коллинз дастлаб бу организм албатта янги тур бўлади, деб ўйламаган. Аммо Сугимото сақлаб қолган намуналарни ўрганиш имконияти пайдо бўлгач, олимлар уларнинг ташқи тузилиши ва генетик хусусиятларини таҳлил қилишди. Натижада жонзот ҳақиқатан ҳам илгари расман тасвирланмаган янги тур экани аниқланди.
У оддий медуза эмас экан
Янги организмга Orchistoma integrale илмий номи берилди. У “интеграл медуза” деб аталади, чунки унинг ўзига хос буралган жинсий аъзолари математик интеграл белгисини эслатади.
Қизиғи, олимлар уни қатъий таснифда “ҳақиқий медуза” деб ҳисобламайди. O. integrale гидрозоалар гуруҳига киради. Улар ҳақиқий медузаларга яқин бўлса-да, алоҳида гуруҳ ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…