Покистонда Холида "номус" баҳонасида яқинлари томонидан отиб ўлдирилди

Покистоннинг Хайрпур туманида ёш аёл маҳаллий қабила оқсоқоллари қарори ортидан отиб ўлдирилди. Полиция маълумотига кўра, Холида исмли аёл ноқонуний муносабатда бўлганликда айбланиб, "кари" деб эълон қилинган. Шундан кейин унинг бобоси ва тоғаси қабила оқсоқолининг буйруғи билан аёлни ўлдиргани айтилмоқда.
Фожиа 10 апрель куни Тандо Масти қишлоғида содир бўлган. Жиноят жараёни видеога олиниб, кейинчалик ижтимоий тармоқларда тарқалган. Марҳуманинг онаси Набул қизининг қичқириқлари ҳануз қулоғидан кетмаётганини айтди. Отаси Муҳаммад Рамзан эса ҳодиса вақтида Карачи яқинидаги цемент заводида тунги сменада ишлаётган бўлган.
Холида беш йил аввал амакиваччасига турмушга чиққан. Эри бедарак йўқолгач, у ота-онасининг уйига қайтган. Орадан беш ой ўтиб, қариндошлари уни бошқа эркак билан муносабатда бўлганликда айблаб, маҳаллий жирға олдига олиб чиққан. Айнан шу йиғилишда унга ўлим ҳукми чиқарилгани айтилмоқда.
Полиция уч нафар гумондорни қўлга олди, яна бир шахс қидирувга берилди. Ишнинг судга оширилиши кутилмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотига кўра, 2025 йилда Покистонда камида 470 нафар аёл "номус учун қотиллик" қурбони бўлган.































Изоҳлар 0
…